Яйловларга муносабат яхшиланмас, тубдан ўзгармас экан, бу саволга ҳали-бери ижобий жавоб бериш мушкул, дейилади 21asr нашридаги мақолада.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, одам бир йилда ўртача 55 килограмм гўшт истеъмол қилиши зарур. Мутахассислар 2025 йилга бориб, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 0,25 баробарга ошиши ва йилига 54,8 (ҳозирда 41 кг) килограммни ташкил қилиши борасида фикрлар билдиришяпти. Уларнинг тахминлари ҳақиқатдан ҳам амалга ошармикан?

Бундай савол туғилишининг сабаби шундаки, мамлакатимизда гўшт ва гўшт маҳсулотлари борган сайин қимматлашяпти, бу эса албатта, юртдошларимизнинг ушбу ҳаётий зарур озиқ-овқат маҳсулотини сотиб олиш имкониятини пасайтирмоқда. Чунончи, ўтган йилнинг июль ойида бозорларимизда мол гўшти нархи 18 мингдан 25 минг сўмгача бўлган. Шу кунларда эса 32 мингдан 40 минг сўмгача чиқди. Супермаркет ва хусусий дўконларда бундан-да қиммат. Бошқача айтганда, гўшт баҳоси бир йил мобайнида қарийб 50 фоизга ошган. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда эса 2018 йилнинг дастлабки уч ойида мол гўшти ўртача 6,2 фоизга, қўй гўшти 5,8 фоизга қимматлашган. Хуллас, аҳолининг харид қобилияти билан мазкур маҳсулот нархи ўртасидаги тафовут тобора катталашяпти.

Гўшт нархининг узлуксиз юқорилаб бораётгани бир қанча омиллар билан изоҳланяпти. Жумладан, озуқа-ем маҳсулотлари таннархининг юқорилиги, реализация қилишда воситачиларнинг кўплиги, озуқа-ем етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги, жойларда чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш комплексларининг етарлича ривожланмагани сингари омиллар тилга олиняпти. Қайд этиш жоизки, ўтган йили O‘zLiDeP билан Банк-молия академияси ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида гўшт қимматлашишини келтириб чиқарган сабабларга доир саволлар ҳам ўртага ташланган, мунозарада ўз маърузаси билан иштирок этган Тошкент давлат иқтисодиёт университети докторанти Муҳиддин Юсупов бу борада ўз мулоҳазаларини қуйидагича баён қилган эди:

—      Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз, гўшт анча қимматлашиб кетди. Бу мавзу жуда кўп муҳокама қилинмоқда. Нега шундай ҳолат юз берди? Аввало шуни айтиш керакки, мамлакатимизда 2005-2016 йиллар оралиғида озуқа экин майдонлари 40 фоизга камайиб кетди. 1990 йилда жами экин майдонларининг деярли 25 фоизига озуқа экинлари экилган экан. Ҳозир эса 9 фоизга ҳам етмайди. Иккинчидан, бизда гўшт ва сутнинг 95 фоизини деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлар етиштиряпти. Лекин уларни қўллаб-қувватлаш учун шу пайтгача нималар қилдик, деган саволга холис жавоб беришимиз лозим. Тан олиш керакки, уларнинг ўғит, ёқилғи-мойлаш материаллари, ем-озуқа, қўшимча ер ажратилиши билан боғлиқ муаммолари ҳал қилинишига кўмаклаша олмаяпмиз...