Фото: Getty Images

2017 йилнинг 30 октябрида Бенжамен Павар немиc тилидан олаётган репетиторлик дарсларидан кейин тушлик қилгани ошиқди. Қайтиб келса – уйдан қилинган ўнлаб қўнғироқлар жавобсиз қолган. “Штутгарт”нинг 21 яшар жингалаксоч ҳимоячисининг ҳаётида ўша куни туб бурилиш содир бўлганди.
Унга ота-онаси Дидье Дешам терма жамоанинг Уэльс ва Германияга қарши кечадиган навбатдаги ўртоқлик ўйинларига чақираётганини айтмоқчи бўлгандилар. Терма жамоанинг асосий ўнг қанот ҳимоячиси, “Монако” аъзоси Жибрил Сидибе жароҳат олгач, Дешам бундеслигадан келган ёш ҳимоячига имконият тақдим этди.

“Бенжаменда халқаро тажриба йўқ, аммо мен ёш футболчиларни яхши кўраман, унда иқтидор етарли” – деб ўз қарорига изоҳ берди Дидье.
Павар йиғлаб юборди. Франция ёшлар терма жамоаси сафида 15 ўйинда майдонга тушиб улгурган футболчи энг катта турнир олдидан катталарнинг асосий таркибига киришдан умид қила олмасди-да.

“Бу ҳақиқий бахт эди, – деб кейинчалик эслайди Павар. - Мен ота-онам ёнида хўнграб йиғлагандим. Болалигимдан қилган ҳамма қурбонликлар ўзини оқлаганди, бекор кетмаганди”.

Фото: AFP/LaPresse

Клубда асосан ҳимоя марказида ҳаракат қиладиган Павар терма жамоада ўнг қанот ҳимоячиси сифатида шаклланди, шу позицияда ҳамма ўртоқлик ўйинларида майдонга тушди ва Россияга асосий таркиб ўйинчиси сифатида ташриф буюрди. У ерда эса, ҳаммамиз кўрдик, унинг деярли ярим йил олдин бошланган парвози давом этди.

30 июнь куни Франция терма жамоасини турнирни тарк этишдан атиги ярим соат ажратиб турарди. Аргентинага қарши ўйинда Меркадога теккан тўп Льорис дарвозасидан жой олди ва рақиб ҳисобда олдинга чиқиб олди: 1:2.

Кейин эса, ҳеч ким кутмаган воқеа рўй берди. Франция терма жамоа таркибида оддий мухлислар учун энг нотаниш ва гуруҳ ўйинларида гўё сезилмаган Бенжамен Павар Лукас Эрнандеснинг узатмасидан сўнг қайтаётган тўпга югуриб борди ва дарвозага кучли зарба берди. Гол. (Бу гол турнирнинг энг чиройли голи деб ҳам эътироф этилди, дарвоқе).

Фото: Getty Images

Зарбанинг ижроси ва тўпнинг дарвоза тўрига теккан оралиқ сонияларда мухлислар оёққа қалқди, ҳар икки жамоа футболчилари музлаб қолишди.