Жамият | 11:28 / 01.08.2018
2820
3 дақиқада ўқилади

Кўкрак сути билан озиқлантириш болалар ҳаётини сақлаб қолади ва мамлакатлар ривожига ҳисса қўшади

Жаҳон кўкрак сути билан озиқлантириш ҳафталиги ҳар йили август ойининг биринчи ҳафтасида.

170 дан ортиқ мамлакатларда нишонланади. 1-7 август кунлари ушбу ижобий амалиётни тарғиб қилишга бағишланади.

Бу йилги ҳафталикнинг шиори “Кўкрак сути билан озиқлантириш – ҳаёт пойдевори”. Бунинг боиси – эмизиш чақалоқлар ва оналар учун умрбод соғлом ҳаётнинг асоси ҳисобланади. Кўкрак сути билан озиқлантириш табиат инъомидир. У – жуда оддий, қулай ва у инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши ва келажакни яратиши мумкин.

Эмизиш боланинг касалликларга қарши биринчи эмланишидир. Кўкрак сути орқали оналар ўз фарзандларига иммунитетларини берадилар. Бу эса болаларнинг шахсий иммунитетлари шакллангунига қадар бўлган даврда уларни хавф-хатардан ҳимоя қилади. Кўкрак сути билан озуқалантириш қанчалик эрта бошланса, янги туғилган чақалоқлар ўлими кўрсаткичи шунчалик паст бўлади.

Дастлабки 6 ой давомида фақат кўкрак сути билан боқилган болалар билан умуман эмизилмаган ёки 6 ойга тўлмасларидан олдин кўкракдан чиқарилган болаларнинг саломатлиги кўрсаткичлари солиштирилса, биринчи гуруҳдаги болалар иккинчи гуруҳдагиларга нисбатан юқумли касалликларга камроқ чалиниши ҳамда ўлим кўрсаткичлари ҳам пастроқ эканлиги маълум бўлади.

Эмизиш боланинг соғлиғини, ақлий ривожланишини, яхши таълим олишини оширади. Натижада катта бўлганида яхши даромад олиш имконига ёрдам беради. Кўкрак сути билан озуқалантиришни қўллаб-қувватлашга сарфланган ҳар бир АҚШ долларининг иқтисодий самараси 35 АҚШ долларига тенг.

Кўкрак сути билан озиқлантириш биргина эмизикли аёлнинг иши эмас. Тўғри, фақат онагина фарзандини эмизиши мумкин, бироқ бошқалар она ва бола ўзларини яхши ҳис этишлари учун ёрдам беришлари мумкин.

Биз ҳаммамиз – оила аъзолари, дўстлар, маҳалла, бутун жамият ва давлат – масъулмиз.

Оналарга оддий далда ва кўмак бериш ҳамда эмизиш учун керакли қулайликларни яратиб бериш орқали диарея билан касалланиш ҳолатларини 2 баробар, нафас олиш йўллари касалликларини эса учдан бирга камайтириш мумкин.

Ҳар бир бола учун – энг яхши озуқа. Ҳар бир бола учун – ҳаётнинг энг яхши бошланиши.

Буни тушуниб этишимиз лозим, чунки болалар ҳаётинг илк кунлариданоқ уларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни яхши озиқлантириш ва парваришлаш учун оналарга шароит яратиб бериш – миллат келажаги тўғрисида қайғуриш демакдир.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид