Ўзбекистонда 1 август куни бошланадиган олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ўтказиш учун барчаси тайёр. KUN.UZ мухбири Бош вазир ўринбосари - Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари Комплекси раҳбари Азиз Абдуҳакимов берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахтдаги барча олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ўтказиладиган ҳудудлар тест синовлари учун тўлиқ шай. 

Тест топшириладиган майдонларда абитуриентлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Жойларда абитуриентларнинг ҳаракатланиш тартиби ва ота-оналарнинг тўпланиш жойлари схемалари мавжуд. Бундан ташқари, керакли жойларга махсус йўл кўрсаткичлар қўйилган.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, кириш имтиҳонларида тўлиқ шаффофлик таъминланмоқда - барча жараёнлар test2018.uz сайти ҳамда UzdigitalTV, вилоятларда эса маҳаллий телевидение орқали тўлиқ онлайн намойиш этилади. 

Энди ота-оналар жазирамада кўчада фарзандларини кутиб ўтиришларига ҳожат йўқ. Бунинг ўрнига ОТМларга кириш имтиҳонлари қандай ўтаётганини уйда, қулай шароитларда кузатишлари мумкин.