Жамият | 01:24 / 03.08.2018
90485
2 дақиқада ўқилади

Сохта абитуриент: “7та текширувдан ўтгандим”

Имтиҳонларнинг биринчи куниданоқ, “уддабурон” абитуриентларнинг айрим хатти-ҳаракатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг эътиборини тортди.

179 нафар абитуриент тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган ҳудудга телефон ва шпаргалкалар олиб киришга уринганлиги учун, 76 нафари эса бино ичида шпаргалкадан фойдалангани туфайли тест синовларидан четлаштирилди. Хуллас, бир кунда 255 нафар йигит-қиз ўзларининг қинғир ишлари оқибатида шу йил талаба бўлиш имкониятидан маҳрум бўлишди.

Абитуриентларнинг имтиҳон жараёнида фойдаланмоқчи бўлган қурилмалари бу йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” эканлигини яна бир бор ёдимизга солиб қўйди. Замонавий қулоқчинлардан фойдаланмоқчи бўлган абитуриентлар кузатув камералари орқали аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг маълумотига кўра, текширув ўтказиш мобайнида паспорт сохталаштирган шахслар ҳам аниқланган. 24 ёшли Ж.Ф. бир эмас, 3та олийгоҳга қалбаки ҳужжат топшириб, пул ишлаб олишни ният қилганди.

“Асл паспорт эгасининг юзига мослаб, дазмолдан фойдаланган ҳолда ўз суратимни жойлаштирдим. Бу ҳужжатлар имтиҳонга қадар тайёрлаб қўйилганди. Назорат кучли бўлишига қарамай, еттита текширувдан ўта олдим. Ҳар томонни ўйлаш зарур эди. Мабодо қўлга тушиб қолсам менга тегишли бўлган буюмлар мусодара бўлиб кетмаслиги учун, ҳаммасини бозорга олиб чиқиб, сотиб юбордим”, дейди ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан қўлга тушган сохта абитуриент.

Маълумот учун, сохта абитуриент аввал ҳам фирибгарлик қилгани учун 2 маротаба судланган.

У 15 миллион эвазига фуқаро У.У.ни ўқишга киритиб қўйишга ваъда берганди. Сохта абитуриент С.Ф. ва унинг шерикларига Жиноят кодексининг 228 моддаси 2 қисм “б” банди ва 3 қисми, 211 моддасининг 1 қисми билан жиноий иш қўзғатилган.​

Мавзуга оид