Машинасозлик, жумладан автомобилсозлик саноати ҳар қандай ривожланган иқтисодиётга эга бўлган давлат учун барқарорлик кафолати дейиш мумкин. Чунки, айнан автомобил ишлаб чиқариш жараёнида жуда катта куч сарфланади ва соҳада кўплаб иш ўринлари барпо этилади.
Бир неча кун аввал Халқаро Пресс клубда “Ўзавтосаноат” АЖ ва ўзбек автомобилсозлиги вакиллари иштирокида сессия бўлиб ўтди. Унда компания оғир иқтисодий аҳволда бўлгани сабабли GM Uzbekistan маҳсулотлари нархини 14 фоизга оширишга қарор қилингани айтилди. Кейинчалик, АЖ бошқаруви бу қарор ижросини Ўзбекистон рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўрганиб чиқаётгани боис тўхтатиб туриш керак, деган тўхтамга келди.
Биз ўз навбатида ўқувчиларимиз эътиборига “Йирик автосаноатлар тарихи” туркум мақолаларини ҳавола қилишни, унда, гарчи бу мавзуда жуда кўп ва хўп гапириш мумкин бўлса-да, Жанубий Корея, Германия ҳамда Хитой автомобилсозлари эришган натижалар хусусида маълумот беришни мақсад қилдик. Демак, навбат дунё автосаноатида ўз сўзига эга бўлган Германия автомобилсозлиги ҳақида.
Германия давлати қайси соҳа ривожи билан барқарор даромад манбаига эга бўлди, дейилса, ҳеч иккиланмасдан немис автосаноатини кўрсатиш мумкин. Ҳеч кимга сир эмаски, Германияда ишлаб чиқилган автомобиллар бутун дунёда маълум ва машҳур, уларга талаб юқори. Ер шарининг исталган нуқтасида Volkswagen, Audi, Porsche, Mercedes-Benz, Opel ва BMW компаниялари ишлаб чиқарган турли автомашиналарни учратиш мумкин.

Германия автомобилсозлиги муваффақиятининг сири шундаки, бу ерда ишлаб чиқилган машиналар ҳақиқий немис машиналаридир. Дунёдаги илк ички ёнув двигатели ҳам айнан шу ерда Карл Бенц ва Николас Отто томонидан бир-биридан мустақил равишда ихтиро қилинди. Ғилдиракли кажавага мотор ўрнатилиши натижасида биринчи машина ҳам шу ерда пайдо бўлди. 20-аср остонасида Германия кўчаларида 900та автомобил ҳаракатланар эди. Бундан юз йиллар аввал асос солинган компаниялар бугунги кунда йирик концернларга айланиб улгурган. Улар миллий иқтисодиётнинг ишончли пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Германия Европа автомобилсозлари орасида етакчи бўлса-да, жаҳон миқёсида Хитой, АҚШ ва Япониядан кейинги ўринда туради. Бироқ германиялик автосаноатчилар сифатга кўпроқ урғу беришгани учун ҳам сонга камроқ эътибор қаратишади. Шу боисдан ҳам бу мамлакат машиналари энг ишончли транспорт воситалари ҳисобланади.















