Вардан Нерсисян — воронежлик «Лаваш36» кабобхонаси асосчиси. У ўз бизнесини 2011 йилда ишга туширган. Бошқа кабобхоналардан фарқланиш учун уйга етказиб беришни йўлга қўйган.

Нерсисян ҳатто ана шундай консерватив соҳада ҳам қўшимча технологиялар ёрдамида қўшимча афзалликларга эга бўлиш имкониятини қайд этди: у сайт яратди, онлайн-тўлов ва эквайрингни киритди, шунингдек, Delivery Club ва таом етказиш бўйича бошқа агрегаторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйди.

Фото: Лаваш36

Етти йил давомида тадбиркор банкротлик ёқасига келиш, хатоларини вақтида сезиш ва тўғрилашга ҳам улгурди. Бугун у “Додо-пицца” асосчиси Фёдор Овчинниковнинг муваффақиятини такрорлаш ва кабобни кундалик таомга ўзгартиришни орзу қилади.

Оилавий иш

Оиласи Арманистондан Воронежга кўчиб келганида Вардан Нерсисян 13 ёшда эди. Унинг отаси - такси ҳайдовчиси, онаси – ўқитувчи бўлиб ишга жойлашди. Ота-онаси Вардан ва унинг иккита ака-укаси Россияда олий маълумотга эга бўлишини исташарди.

Нерсисян рус тилида гапирмасди, бироқ тўрт йил давомида тилни ўрганиб, 2004 йилда Воронеж давлат университетининг лингвистика факультетига ўқишга кирди. 22 ёшга тўлганида у инглиз ва француз тили билан қўшиб ҳисоблаганда тўрт тилда гаплашарди.

Олий таълим муассасасини тамомлагач, у иккита йўналишда ишлай бошлади. Кундуз куни хонадонларни таъмирлаш бўйича устанинг ёрдамчиси, кечки пайтлари ўқувчиларга тил ўргатиш бўйича репетиторлик қиларди.

Бир неча йил ўтгач чарчаганини ҳис қилди. Танишлари тўлақонли ҳаёт кечираётган, экзотик мамлакатлар, кечаларда олинган суратларини ижтимоий тармоқларда  жойлаштираётган, янги автомобиллари билан мақтанаётган бир вақтда у бир ишдан бошқасига бориб, кун кечирарди. У ҳаётини ўзгартириб, кўпроқ пул ишлаб топишни истарди. Байрам тадбирида дўсти билан бўлган суҳбат ўзгаришларга туртки бўлди.

У қуйидагича фикр юритарди: “Отам доим заводда ишлаган ва мен ҳам ишчига айландим. Кимнинг отаси бадавлат амалдор бўлса, ўзи ҳам амалдорга айланади”.

Нерсисян тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилди. Бир неча йил ёлланиб ишлагани сабаб 100 минг рублга яқин пул тўплашга муваффақ бўлганди. Шунинг учун кредит олмаслик мақсадида “кириш остонаси паст бўлган соҳа”ни излай бошлади.