Тошкентда автобус билан тўқнашув содир этган инкассаторлик машинаси ҳайдовчиси икки ярим йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди автобус билан тўқнашув содир этган инкассаторлик машинаси ҳайдовчисига икки йилу олти ойга озодликдан маҳрум қилиш ва икки йил давомида автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси медиа маркази хабар қилди.
Инкассаторлик машинаси ва 72-йўналишдаги йўловчи автобуси ўртасидаги йўл-транспорт ҳодисаси 15 февраль куни «Минор» метро бекати яқинидаги чорраҳада содир бўлганди.
Инкассаторлик машинасини Ўзбекистон Марказий банки республика инкассация хизмати ҳайдовчиси Равшан Расулов бошқарган бўлиб, транспорт воситаси йўл-патрул хизмати ходимлари кузатувидаги колонна таркибида Осиё кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган бўлган. ЙПХ автомобили қизил чироқда ўтган, аммо бошқа машиналарни ўтказиб юбориш учун тўхтаган. Инкассаторлик машинаси эса ҳаракатда давом этган ва автобусга бориб урилган.
ЙТҲ натижасида 38 йилдан буён транспорт соҳасида меҳнат қилаётган автобус ҳайдовчиси ҳалок бўлган. Автобусда бўлган йўловчиларнинг саккиз нафари турли даражадаги тан жароҳатларини олишган.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди судьяси Саидолим Бурҳонов ҳукм чиқаришда Равшан Расуловнинг қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги ва у оиланинг ягона боқувчиси эканлиги ҳисобга олинганини маълум қилди. Жароҳатланган йўловчилар ҳам унга нисбатан даъволари йўқлигини билдиришди.
Суд шунингдек 320 миллион сўм миқдорида моддий компенсация ундириш тўғрисида ҳукм чиқарди. Равшан Расулов хизмат вақтида қонун бузилишига йўл қўйгани сабабли компенсация Марказий банк республика инкассация хизматидан ундирилади.
Мавзуга оид
21:21 / 13.11.2024
Урганчга Хитойдан 30 дона замонавий автобус олиб келинди
20:17 / 13.11.2024
Покистонда тўй автобуси дарёга қулаши оқибатида 22 киши ҳалок бўлди
09:26 / 13.11.2024
Тошкентда яна 7 та кўчада автобус йўлаклари жорий этилади
23:06 / 11.11.2024