Харидор «Арсенал»нинг 30 фоизлик ҳиссаси учун 500 миллион фунтдан ошиқроқ маблағдан воз кечишига тўғри келади.

The Financial Times нашрининг июль ойи охирларида маълум қилишича, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ўзининг «Арсенал» футбол клубидаги 30 фоизлик улушини сотмоқчи экан. Ўн бир йилдан буён клубнинг бошқарув кенгашига киришга уринган россиялик ишбилармон, бу уринишлар бесамар кетгач, шундай қарорга келган. 

Клуб ва Усмонов ўртасидаги ҳамкорлик 2007 йилнинг августидан бошланган. Таъсисчилари Усмонов ва Фарҳод Мошири бўлган Red & White Holdings Ltd компанияси «Арсенал»нинг 14,5 фоизлик акциясини Дэвид Дейндан сотиб олишганди. ВВС маълумотига кўра, бу келишув инвесторлар учун 75 миллион фунтга тушган.

Ўша пайтларда «Арсенал»нинг бугунги асосий акционери бўлган Стэн Кронкеда фақат 12.9 фоиз акция бор эди. Дастлабки йилларда Усмонов ва Кронке муносабатлари у қадар илиқ бўлмади, 2012 йилда эса, жиддий зиддият юзага келди.

Red & White клубнинг директорлар кенгашига очиқ хат ёзди. Бунга сабаб, ижрочи директор Иван Газидис томонидан айтилган бир гап бўлганди. Газидиснинг Усмонов компаниясининг директорлар кенгашига кириши бошқарувни издан чиқариши ҳақидаги фикрлари Усмоновнинг эътирозининг асосий сабаби эди. Ўша хатда Кронке «Арсенал»даги улушларини ташқи инвесторлардан ҳимоя қилиш мақсадида доимо ташқи қарзлар юкини ошириб бораётгани, билетлар нархини кўтариш ва етакчи футболчиларни сотиш орқали акциядорлар қизиқишини пасайтираётгани тилга олинди. Худди ўша йили Робин ван Персининг асосий рақиблардан бири «Манчестер Юнайтед»га сотиб юборлиши ҳам Усмонов томонидан танқид остига олинди. 

«Арсенал» бошқарувида иштирок этиш орзусини бир неча бор таъкидлаб келган Усмонов 2016 йилда шериги Фарҳод Моширининг улушларини ҳам сотиб олди ва 30,04 фоиз билан клубнинг иккинчи ўриндаги акциядорига айланди. Миллиардер «Арсенал»га содиқлигини ва клубдаги улушини ошириш борасидаги ҳаракатларини тўхтата олмаслигини маълум қилди. Британиянинг Forbes нашри тарқатган маълумотларга қараганда Моширининг улушини сотиб олиш Усмоновга 200 миллион фунтга тушган. Аммо бу ҳам бошқарув кенгашидан ўрин олиш учун етарли бўлмади.

Бу пайтга келиб, «Арсенал»нинг асосий акционери Стэн Кронке бўлиб улгурганди. 2008 йилда у ўз улушини 29,9 фоизга ошириб, клуб бошқарувини қўлга олди. 2011 йилнинг баҳорида Дэвид Финсман ва леди Нина Брейсвелл-Смитларнинг ҳиссаларини ҳам қўлга киритди. Клубнинг собиқ директорига келин бўлган Нина Брейсвелл-Смит билан Алишер Усмонов ҳам музокара қилди, аммо яна самарасиз.