Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожонов раислигида Вазирлик Ҳайъатининг видеоселектор тарзидаги навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходимлари, бош прокурор 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Отабек Муродов, шунингдек, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг раҳбар ходимлари, ҳудудлардаги прокурорлар ва ички ишлар органлари бошлиқлари иштирок этдилар.
Жорий йилнинг олти ойи давомида ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчиликнинг ўсишига йўл қўймаслик чоралари кўрилиши натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан республика бўйича жиноят содир этиш ҳолатлари 13 минг 599 тага ёки 38,67 фоизга, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар эса 8 минг 568 тага ёки 38,86 фоизга камайган.
Йиғилишда айрим ҳудудларда оила-турмуш доирасидаги ва вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятлар сони юқорилигича қолаётганлиги сабаблари юзасидан вилоят ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ахборотлари тингланди.
Оила-турмуш, қариндошчилик ва қўни-қўшничилик муносабатларида келиб чиқаётган келишмовчиликлар қотиллик, тан жароҳати етказиш каби ўта оғир ва оғир жиноятларни келтириб чиқариш ҳолатлари барча ҳудудларда ҳам кузатилаётганлигини ҳисобга олиб, уларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятни келтириб чиқариши мумкин бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар ташкилотлари, масъул давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан яқин ҳамкорликда ўтказилмаётганлиги, муқаддам судланганлар билан профилактик ишлар талаб даражасида олиб борилмаётганлиги қайд этилди.
Йўл-транспорт ҳодисалари, айниқса инсон ўлими билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларнинг самарасизлиги, йўл белгиларини хатловдан ўтказиш, уларни замонавий қопламали йўл белгилари билан алмаштириш борасидаги ишларни ташкиллаштиришда йўл қўйилаётган камчиликлар бўйича раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Шунингдек, жойларда мулкий турдаги жиноятлар, ўғирлик ва фирибгарликларнинг олдини олишда мақсадли ва манзилли тадбирлар ўтказишга эътибор берилмаётганлиги таъкидланди. Йиғилишда қўриқлаш хизмати йўналишида амалга оширилаётган ишлар талабга жавоб бермаётганлиги, аҳоли хонадонлари, ташкилот ва корхоналар қўриқловга олиниши юзасидан тарғибот ишлари суст олиб борилаётганлиги юзасидан эътирозлар билдирилди.











