Иқтисодиёт | 16:21 / 08.08.2018
12021
3 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Air Products компанияси 4 мамлакатга инвестиция киритишга қарор қилди. Улардан бири - Ўзбекистон

Шу йилнинг 8 август куни АҚШнинг Air Products компанияси ижрочи директори, президенти ва директорлар кенгаши раиси Сейфи Гасеми билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ бош офисида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz’га “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати хабар берди.
 
Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Алишер Султонов билан учрашув давомида Сейфи Гасеми сўз олиб, компания раҳбарияти истиқболли ва хорижий инвесторлар учун хавфсиз давлатлар деб тан олинган Хитой, Саудия Арабистони, Россия ва Ўзбекистонга инвестиция кириш борасида қарор қабул қилгани ҳақида маълум қилди. 

Фото: Ўзбекнефтгаз
Фото: Ўзбекнефтгаз

Бундай қарорга келишдан олдин, Air Products компанияси Macro-Advisory консалтинг компаниясини жалб қилган ҳолда дунёнинг истиқболли давлатларини аниқлаш мақсадида мустақил аудит ўтказган ва унинг натижасига кўра, юртимизнинг барча соҳа ва жабҳаларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва кафолатлаш, инвесторлар ва ишбилармонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, молия ва суд соҳаларидаги ўзгаришлар, ва энг муҳими, коррупцияга қарши кураш механизмларини жорий этиш борасида қўйилаётган қадамлар Ўзбекистон Республикаси нафақат минтақадаги, балки бутун дунёдаги инвестиция киритиш бўйича энг истиқболли давлатлардан бири, дея топилган. 

Гасемининг таъкидлашича, Air Products компанияси Ўзбекистонга узоқ муддатли тўғридан-тўғри инвестицияларни киритишдан манфаатдор ва мамлакатимиз бозорида тўла қонли иштирокчига айланиш истагида. 

Компания мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳалари, жумладан нефт-газ, кимё, фармацевтика, металлургия ва бошқалар, эҳтиёжи учун саноат газини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларга инвестиция киритишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бундан ташқари, табиий газдан полимерлар ишлаб чиқариш (МТО) бўйича лойиҳага ҳам юқори қизиш билдирилмоқда.  

Сейфи Гасеми, шунингдек, дунёнинг етакчи нефть ва газ компаниялари (Total, British Petroleum, SOCAR, UOP Honeywell ва бошқалар) топ-менежерлари учрашувини Ўзбекистонда ўтказиш таклифини илгари сурди.  

Учрашув натижасида томонлар қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар. Ушбу гуруҳ таркибини Air Products компанияси етакчи мутахассислари ва УЕМ корхоналари вакиллари ташкил этади. Икки ой муддатда нефть-газ, кимё ва металлургия соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида аниқ таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилди.  

Фото: Ўзбекнефтгаз

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид