Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Фотиҳ Денмезнинг маълум қилишича, Туркия АҚШнинг санкцияларига қарамай, Эрон газини сотиб олишни давом эттиради. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар қилмоқда.

«Биз учун энергетик хавфсизлик жуда муҳим, Эрон билан газ шартномасига эгамиз, унинг амал қилиш муддати - 2026 йилгача. Унга мувофиқ, биз йилига 9,5 миллиард куб метр табиий газ сотиб оламиз. Фуқароларимизни совуқда ва электр энергиясиз қолдиришни истамаганимиз учун, шартномани амалга ошириш давом эттирилади», - дея айтиб ўтди Денмез.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, Эронга қарши санкциялар бўйича АҚШнинг қарори бир томонламадир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан бизнес юритадиган мамлакатларга ультиматум қўйганди.