Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан нодавлат маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш мақсадида бўш турган ер участкаларини ва бўш турган давлат мулки объектларини бепул асосда тадбиркорлик субъектлари билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида уч томонлама битим тузишга рухсат берилиши мумкин.

Маданият вазирига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши ҳамда хусусий шериклар томонидан ўз зиммаларига олинган мажбуриятларга риоя қилиниши учун шахсий масъулият юкланади.

Белгиланишича, бўш турган ер участкаларини ва бўш турган давлат мулки объектларини бепул асосда олган, давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш хоҳишини билдирмаган тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратилмайди.

Тижорат банклари раҳбарларига тижорат банклари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида 10 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 7 фоиз ставка бўйича кредит шартномалари белгиланган тартибда тузилишини таъминлаш ва кредит линиялари очиш тўғрисидаги битимларга мувофиқ пул маблағларини олиш учун зарур буюртманомаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасига тақдим этиш тавсия қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги нодавлат маданият ва санъат муассасаларини ривожлантириш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича тадбирларни молиялаштириш учун бир ой муддатда тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредит беришнинг кейинги босқичларини молиялаштиришнинг аниқ манбалари, ҳажмлари ва муддатларини белгилайди.

Маданият вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда нодавлат маданият ва санъат муассасалари ташкил этиш мақсадида фойдаланилиши мумкин бўлган бўш турган ер участкаларини ва бўш турган давлат мулки объектларини шу жумладан ишламайдиган ва бут қилинмаган давлат маданият ва санъат муассасаларини бепул асосда тадбиркорлик субъектларига бериш юзасидан давлат-хусусий шериклик тўғрисида намунавий битим лойиҳасини ишлаб чиқади.