Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Низомга кўра, олий таълим узлуксиз таълим тизимининг мустақил тури бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ олий таълим муассасаларида умумий ўрта (11 синф) ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда ушбу низом асосида амалга оширилади.
Олий таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
олий таълимни иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳалари учун юқори малакали кадрларни тайёрлашга қаратилганлиги;
таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги;
олий таълимни умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ўқув юртидан кейинги таълимлар билан узлуксизлиги ва узвийлиги;
таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;
давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;
таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;
билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;
олий таълим тизимида давлат ва жамият бошқарувини уйғунлаштириш;
олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш.
Қайд этилишича, олий таълимнинг асосий мақсади мамлакатнинг истиқболини ҳисобга олган ҳолда замон талабларига жавоб бера оладиган малакали, рақобатбардош, юксак билимли, республиканинг илм-фан, маданият, иқтисод, ижтимоий соҳаларини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшадиган, мустақил фикрлай оладиган, юксак маънавиятга эга бўлган юқори салоҳиятли мутахассисларни тайёрлашдан иборат.
Олий таълимнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
давлат таълим стандарти, малака талаблари, ўқув режа ва ўқув фан дастурларга мувофиқ ўқитиш сифатини таъминлаш;
ўқув жараёнини (амалиёт, стажировка) кадрлар истеъмолчиларининг таклифларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш;
олий малакали мутахассислар, шунингдек илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;
илм-фан, маданият, техника, технологиялар, иқтисоднинг замонавий ютуқлари, мамлакатнинг иқтисоди ва маданиятининг ижтимоий истиқболини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш услубларини тизимли такомиллаштириш;

















