Сайёрамиз дарё, кўл, денгиз ва океанларни ҳосил қилувчи сув оқимлари билан «чизиб ташланган». Улардаги сувнинг ранги ҳақида сўралганида, мовийдан тортиб, яшилгача бўлган рангларни айтишингиз мумкин. Бироқ ранг-баранг дарёни кўрмаган бўлсангиз керак.

Каньо-Кристалес номли бундай қизиқ, ранг-баранг дарё Колумбиянинг тоғли, жанубий ҳудудларидан оқиб ўтади. Каньо-Кристалес айнан шу номдаги миллий боғ таркибига киради.

Беш рангдан иборат ранг-баранглик: мовий, яшил, сариқ, қизил ва қора – турли хилдаги сув ўтларининг мавжудлиги билан изоҳланади. Йил фаслидан келиб чиқиб, уларнинг ҳаётий фаолияти ва ранги ўзгаради.

Маҳаллий аҳоли уни Шаффоф дарё деб атайди. Ундаги сув ҳақиқатан ҳам шаффоф ва тоза, шунинг учун тубидаги тошлар кўриниб туради. Бироқ бу ерда балиқлар мавжуд эмас: ундаги жонзотлар дарёнинг оқими ва сув таркибига мослаша олмаган.

Ёз фаслида қуёш нурлари ва иссиқ ҳаво ва Macarenia Clavijera ўсимлиги қуригани сабаб, дарё суви қип-қизил тус олади. Бир вақтнинг ўзида сувнинг баъзи қисмларида бошқа сув ўтлари сабабли яна уч хил – сариқ, мовий ва қора рангларни ҳам кузатиш мумкин.
Сувдаги ўсимликларнинг фаол гуллаш вақти ёз фаслига тўғри келади. Афсуски, июндан ноябргача сайёҳлар бу ерга келиши ман этилган.

Каньо-Кристалес дунёдаги энг чиройли дарё дея тан олинган. Унга етиб бориш ҳам осон эмас. Дастлаб Колумбиядаги Ла-Макарена шаҳригача учиш, қайиқда сузиш ва яна одам қадами етмаган йўлаклардан юриб бориш керак.
Кўз олдингизда узунлиги 100 километр ва кенглиги 20 метр бўлган табиат мўъжизаси пайдо бўлади. Дарё ҳажми Амазонкада бўлгани каби у қадар катта эмас. Бироқ парвардигор ижоди намуналаридан бирига гувоҳ бўлгач, Ерда ғаройиб жойлар кўп эканини англайсиз.



















