«iPhone’га бойкот!» - Эрдўған АҚШдан қасос олишни таклиф қилди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарада миллий валюта курсининг қадрсизланиши фонида баёнот билан чиқди. У АҚШга «иқтисодий уруш» олиб борилаётгани туфайли Америка гаджетлари импортига тақиқ қўйиш таклифи билан чиқди, дея хабар беради Bloomberg.
Эрдўғаннинг маълум қилишича, «Туркияга қарши иқтисодий урушни бошлаганлар унинг учун тўлов тўлаши керак». Шу билан бирга, Туркия президентининг таъкидлашича, АҚШнинг иқтисодий соҳадаги тажовузкор ҳаракатлари нафақат Туркия, балки қатор бошқа мамлакатларга ҳам таъсир кўрсатяпти. Вашингтоннинг ҳаракатларидан зарар кўрган давлатлар орасида у Россия, Хитой ва Канадани тилга олди.
АҚШ ҳаракатларига эҳтимолий жавоб сифатида Эрдўған Америка электрон маҳсулотларини бойкот қилиш ва миллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантириш ҳақида гапирди.
«Биз чет эл валютасига сотиб олинаётган нарсалардан яхшироқ маҳсулотларни ишлаб чиқарамиз ва сотамиз. Биз Америка электроникасини бойкот қиламиз», - дея Эрдўғаннинг сўзларини келтирган Anadolu.
У дунёда АҚШда ишлаб чиқарилган қурилмалар учун муқобил вариантлар мавжудлигини эслатди.
«Уларда iPhone бўлса, бошқа томондан Samsung ҳам бор», - дея таъкидлаб ўтди у.
Туркия раҳбарининг фикрича, мамлакатга қарши «иқтисодий уруш»га сабаб унинг юқори иқтисодий кўрсаткичлари, айниқса, юқори ЯИМ даражаси бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия лиранинг қулаши бўйича махсус режа ишлаб чиққани хабар берилганди.