Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Белгиланишича:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда “Ўзатом” агентлиги деб аталади) ўз фаолиятини бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади;

“Ўзатом” агентлигининг раҳбарлик лавозимларига ва консультантлар сифатида жалб этиладиган юқори малакали хорижий мутахассисларнинг иш ҳақи, унга юкланган вазифаларни бажариш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда белгиланади ва “Ўзатом” агентлигининг Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади;

“Ўзатом” агентлигининг ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шароитлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида” 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига 3-иловада кўрсатилган вазирликлар ва идораларнинг марказий аппаратлари ходимларига, ижтимоий-маиший ва тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимларига тенглаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низомга кўра, “Ўзатом” агентлиги атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун масъул давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

“Ўзатом” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига киради.

“Ўзатом” агентлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Қуйидагилар “Ўзатом” агентлигининг атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасидаги асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича таклифларни, шу жумладан, норматив- ҳуқуқий ҳужжатлар ишланмаларини тайёрлаш;