Республика божхоначилари томонидан чегара-божхона ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларидан сўнгги кунларда аниқланган йирик қоидабузарликлар ҳақида хабар беришда давом этамиз.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси. “Арк-булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари товар-моддий бойликларнинг божхона назоратидан яширинча олиб киришга бўлган уринишни бартараф этишди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Хусусан, пойтахтимиздаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига Хитойдан келтирилган кулерлар яъни ичимлик сувини қуйишга мўлжалланган аппаратлар ҳужжатларда кўрсатилганидан кўра 90 донага кўплиги фош қилинди. Ушбу товарларнинг тахминий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 63 млн. сўмни ташкил қилмоқда ва бу ҳолат бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.

“Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости. Мазкур постда эса тангаларнинг почта жўнатмалари орқали юборилишига доир ҳолат аниқланди. Уларнинг айримлари эса яратилганига эллик йилдан ошгани боис маданий бойликлар сирасига киради.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Россия Федерациясидан Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Б.А. номига божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳолда 1922 йилдан бошлаб, 2018 йилга қадар турли йилларда ва турли давлатларда зарб қилинган кумуш, оддий, сувенир ва юбилей тангалар ҳамда 1961-1995 йилларда муомалага киритилган 12 дона қоғоз пул бирликлари почта жўнатмаси орқали юборилган экан.

Мазкур пул бирликларининг дастлабки қиймати тахминий ҳисоб-китобларга кўра 25, 5 млн. сўмга баҳоланган.     

Эслатма: Амалдаги тартибларга кўра, хорижий фуқаролар (шу жумладан хорижий дипломатик ва консуллик ваколатхоналари бошлиқлари) ва бошқа шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига вақтинча олиб кириладиган маданий бойликлар тегишли божхона ҳужжатларида кўрсатилиши керак.

Маданий бойликларни почта жўнатмаларида юбориш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.