«Самарқанддаги «Тоҳирий» номи билан аталган корхоналар тармоғини кўпчилик яхши билади. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида кишиларда тадбиркорлик-кооператив ҳаракати тўғрисида илк тушунчалар пайдо бўлаётганда акам Тоҳир Исматуллаев Самарқанд туманида «Лесник» кооператив корхонасини ташкил этиб, бу борада дастлабки қадамларни ташлаган эди», деб бошлайди прокуратура органларидаги нопок ходимлар туфайли жабр чекиб, бизнесидан айрилган тадбиркор Толиб Исматуллаев «Зарафшон» газетасида эълон қилинган мақоласида.

Савдо ва ишлаб чиқариш фаолияти бўйича бошланган ҳаракатлар, афсуски, 1990 йил унинг кутилмаганда вафот этиши туфайли бир муддат тўхтаб қолди.

Бу пайтда мен 32 ёшимда Самарқанд вилоят моддий техника таъминоти бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вазифасида ишлардим. Обрў-эътиборим ҳам, мансабим ҳам кўпчилик учун ҳавас қиларли даражада эди. Лекин акамнинг хотираси ҳақи, қолаверса, замон шиддатини англаганим учун Тоҳир акам бошлаган ишларни давом эттиришга аҳд қилиб, Самарқанд туманида биринчи бўлиб хусусий мулк шаклида «Тоҳирий» ишлаб чиқариш савдо фирмасини ташкил этдим.

Собиқ иттифоқ пароканда бўлиб, қўшни давлатлар билан алоқалар издан чиққан, давлатнинг ҳам, аҳолининг ҳам асосий муаммоси тинчликни сақлаш, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигининг олдини олишга қаратилган бир пайтда узоқ хорижий давлатлардаги тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, юртимизга сармоя киритишга ҳаракат қилдим.

«Тоҳирий-Мулиён», «Тоҳирий-Тур», «Жалилобод» масъулияти чекланган жамиятларини ташкил этдик. Чет эллик ҳамкорлар билан бирга «Тоҳирий-Франс ЛТД», «Пируз», «Тоҳирий-Минарекс» қўшма корхоналарини очдик. Шу тарзда «Тоҳирий ва корхоналар» концерни юзага келди.

2000-2008 йилларда ушбу концерндаги корхоналарда 400 нафардан кўпроқ киши меҳнат қиларди. Энг муҳими, ўша йиллари бизга ҳавас қилган, эргашган корхоналар пайдо бўлди, ҳамкорликда ишлашни истаганлар кўпайди.

Вазият оғир эди, лекин давлат томонидан берилган имкониятлардан максимал даражада фойдаланишга, тадбиркорлик фаолиятини барқарор йўлга қўйишга ҳаракат қилганмиз. Ёнимдаги дўстларим, яқинларим билан бирга олдимизга қўйган ягона мақсад сари интилдик. Ўзимиздан нимадир ном қолдиришга ҳаракат қилдик. Отамнинг «Инсон ҳаётга келдими, ўзидан яхши ном қолдириши керак, ҳеч бўлмаганда, бир бинога битта ғишт қўйиб кетиши керак», деган ўгитларига амал қилдим.

Давр ва замон талабини тўғри англаб, тадбиркорликни ривожлантиришга бел боғлаган бир гуруҳ самарқандлик ишбилармонлар билан биргаликда «Самарқандбанк» ЁАТБни ташкил этдик. Таъсисчилар қарори билан мазкур банк кенгаши раиси бўлдим. Банк акциядорлари сафига республикада биринчилардан бўлиб хорижий инвестор киритишга ҳаракат қилдик. Бунга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳам рухсат берганди.