Жамият | 17:10 / 17.08.2018
27864
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда дарахтга бориб урилган автобус ҳайдовчиси йўлда ухлаб қолган

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари жамоат транспортлари ҳайдовчилари билан тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар, деб хабар беради ИИББ ахборот хизмати.

Уларда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш, шунингдек транспорт воситасини бошқариш тартиби ва шароитларини ҳисобга олиш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга сифатли хизмат кўрсатиш каби мавзуларда ўзаро мулоқот қилинмоқда. 

“Маълумот ўрнида, шу йилнинг 26 июль куни Яккасарой туманида МАН русумли автобус билан содир бўлган воқеани олайлик: ҳайдовчининг чарчоқ аломати билан транспорт бошқарувига ўтириши оқибатида йўлда ухлаб қолган”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу йил бошидан буён Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан жамоат транспортлари воситаларининг ҳолатига доир 722 марта мулоқот ва мониторинглар олиб борилган. 851та транспорт воситасида аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилган. Носозлик аниқланган 486та транспорт воситаси йўналишга қўйилмаган. 1013 нафар ҳайдовчига ва 59 нафар масъул раҳбар ходимларга йўл қўйилган камчиликлар ва қоидабузарликлар учун маъмурий баённомалар тузилган ва 23та ёзма огоҳлантиришлар юборилган. 

Қайд этилишича, жамоат транспортлари воситалари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг асл сабаб ва омилларини аниқлаш мақсадида йўналишлардаги жамоат транспорти воситаларида текширув ишлари олиб борилмоқда.

Фото: ИИББ ахборот хизмати
Фото: ИИББ ахборот хизмати

 

Мавзуга оид