«Онам мактабда аълочи бўлган. Ўқитувчи бўлиш орзусида 1989 йилда Қарши шаҳридаги педагогика олийгоҳигаўқишга топширган экан. Биласиз, у пайтларда имтиҳонлар тест шаклида бўлмаган. Асосан, ёзма ва оғзаки шаклда бир неча босқичда ўтказилган. Онам сўнгги босқич саволидан ташқари, ҳаммасидан яхши ўтган экан.

— Охиргиси жуда қийин савол бўлгандир-да! — десам, дугонам кулди:

— Энг қизиғи, у жуда осон савол бўлган экан. Онамдан Ўзбекистондаги маданий ёдгорликлардан мисол келтириш сўралган. Афтидан, ўша кезларда юртимизга мустақилликнинг илк нашидалари кириб кела бошлаган. Онам ўқиган дасрликларда эса халқимизнинг тарихий мероси у ёқда турсин, қайтага ўтмишимизни бизга қоралаб кўрсатишган экан. Онам биронта ҳам тарихий обидани, ҳатто ўзи яшаётган ҳудуддаги Оқсаройни ҳам эслай олмаган экан..»

Отасини танимаган бола кимга эргашишни билмагани каби, аждодларидан мерос азалий қадриятларни англамаган миллат ҳам осонгина ёт маданиятларга тобе бўлади. Тарихига, маданиятига содиқ қолган халқгина ер куррасида ўз номини, тилини, эътиқодини сақлаб қолади.

Аждодларимиздан бизга қолган меросни баҳолашнинг имкони йўқ. Буюк тарихимиздан муҳташам обидалар, гўзал асарлар, оҳанрабо куйлар қолган. Қадим-қадимдан юракларни ўртаб келаётган муножот каби дилларни сел қилувчи наволаримизни ҳали-ҳануз дунё халқлари севиб тинглашади. Мақом санъатининг гултожи бўлган «Шашмақом»нинг ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани ва унинг репризентатив рўйхатига киритилгани бежиз эмас. «Шашмақом»нинг ҳар бир куйи қалбларнинг энг мудроқ ҳисларини ҳам уйғотиб юборади, хотиралар қатида қолган дамларни ёдга солади, ўйлантиради...

Афсуски, бугунги ахборот асрида бетакрор мақом куйларимиздан узоқлашгандекмиз. Ҳар турли енгил-елпи куй-қўшиқлар дидимизни ўтмаслаштириб, барҳаёт наволарни унутишимизга сабаб бўлаётгани ҳам ҳақиқат.

Президентимиз ўтган йили Соҳибқирон бобомиз туғилган юрт — Шаҳрисабзда бўлиб, Оқсаройни зиёрат қилганларида, тарқоқ мақомларимиз бирлашиб, «Шашмақом» дунёга келган давр айнан соҳибқирон Амир Темур билан боғлиқлигини эътироф этиб, Шаҳрисабзни қадимий меросимиз бўлган мақомларни дунёга таратиш учун энг мақбул жой дея танладилар. 2017 йилнинг 17 ноябрида қабул қилинган «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, Шаҳрисабз шаҳрининг Оқсарой майдонида ҳар икки йилда Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши белгилаб қўйилди.