Ўзбекистон | 11:03 / 21.08.2018
6602
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда 166та кўп қаватли уйни таъмирлаш учун 20,6 млрд сўм ажратилган

Фото: KUN.UZ

2018 йил 20  август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.

Мажлисда Тошкент шаҳар туманларидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг Юнусобод тумани бўйича ахбороти эшитилди, шунингдек масъул вазирлик ва идоралар, туман ҳокимлиги раҳбарларининг белгиланган вазифаларни ижро этиш чора-тадбирлари ҳақидаги ахборотлари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, аксарият маҳаллаларнинг аҳолисини иш ўринлари етишмаслиги, коммунал хизматлар сифатининг пастлиги, йўлларнинг носозлиги, қонунга хилоф қурилишларнинг кўплиги ташвишга солмоқда. Шунингдек, айрим фуқароларнинг атроф муҳитга зарар етказаётгани, хусусан сувларни булғаш ва ифлослантириш ҳолатларининг кўплаб содир этилаётгани кенг жамоатчиликда жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Шунингдек, қўшма мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари ҳам муҳокама этилди.

ЎзА хабарига кўра, жорий йилда ҳудуддаги кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, 40 маҳалладаги 166 кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ишлари учун кредит, бюджет маблағлари ҳисобидан 20,6 миллиард сўм ажратилган. Бироқ шундай бўлса-да, соҳа ходимларининг ўрганишлари давомида 14 авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар борлиги, ушбу муаммога тез фурсатда чора кўриш лозимлиги бўйича соҳа ходимларига зарур топшириқлар берилди.

Мавзуга оид