Бир куни қурбақачалар мусобақа уюштиришди. Уларнинг мақсади минора тепасига чиқиш эди. Бу мусобақани томоша қилиш ва уларнинг устидан кулиш учун жуда кўп томошабин йиғилди. Мусобақа бошланди...

Ҳеч ким қурбақачаларнинг минора тепасига чиқишига ишонмасди. Йиғилганлар шундай деб хитоб қилишди: «Бу жудаям қийин!», «Улар юқорига ҳеч қачон чиқа олишмайди», «Бунинг имкони йўқ! Минора ўта баланд!».

Қурбақачалар бирин-кетин йиқила бошлади.

Мақсади сари интилмаётган айрим қурбақачалардан ташқари, бошқалари янада юқорилай бошлашди. Йиғилганлар барибир «Жуда қийин!!! Ҳеч бири юқорига ета олмайди!», дея хитоб қилишда давом этди.

Қолган қурбақачалар ҳам чарчаб, йиқила бошлади... Фақат битта қурбақача юқорига интилишда давом этарди. У асло таслим бўлмасди!

Ниҳоят ҳамма таслим бўлди. Фақатгина тинмасдан юқорилаётган ўша қурбақачадан ташқари! У минора тепасига етиб борди. Барча йиғилганлар унинг қандай қилиб бунга эришганини билишни истарди. Тўпланганлардан бири ундан юқорига чиқиш учун қандай куч топганини сўради. 

Маълум бўлишича, ғолибнинг қулоғи оғир бўлиб, атрофдагиларнинг бақир-чақирларини эшитмаган экан!

Хулоса: Ҳеч қачон атрофингдагиларнинг салбий фикрларига қулоқ солма. Улар сенинг энг буюк орзу ва истакларингни бўғишади. Ўзингга ва ўз кучингга ишон! Мақсад сари олға юр! Сен бунга қодирсан!

Фото: Pixabay

“Менга алоқаси йўқ” дема

Бир куни сичқон ферма эгаси қопқон қўйганини кўриб қолди. У бу ҳақда товуқ, қўй ва сигирга айтди ҳамда қопқонни синдириб ташлашни сўради. Уларнинг барчаси бир овоздан “Қопқон – сенинг муаммоинг, унинг бизга ҳеч қандай алоқаси йўқ!” дейишди.

Бир неча кундан кейин илон қопқонга тушиб қолди ва аламидан фермернинг хотинини чақиб олди. Хотинини даволашга уринган фермер товуқни сўйиб хотинига шўрва пишириб берди. Сўнгра беморни кўргани келганларга таом тайёрлаш учун қўйни сўйишди. Ниҳоят азага келган барча меҳмонларга таом тайёрлаш учун сигирни ҳам сўйишга тўғри келди. Сичқон буларнинг барини инида кузатиб ўтираркан, ҳеч кимга ҳеч қандай алоқаси йўқ нарсалар ҳақида ўйларди.

Хулоса: Агар бирор нарсанинг сизга бевосита алоқаси йўқ бўлса, бу сиз ҳеч қачон ўша нарсага дуч келмаслигингизни билдирмайди.