2018 йил 24 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz’га Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Видеоконференц-алоқа тарзида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлар, ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Пленум мажлисида янги таҳрирдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида” ва “Фуқаролик ишларини суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида”ги Олий суд Пленуми қарорлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Пленум мажлисида муҳокама этилган “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилгани ҳамда тергов-суд амалиётида айрим муаммолар келиб чиқаётгани муносабати билан ишлаб чиқилди. Мазкур қарор лойиҳаси билан судларнинг эътибори шахснинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда белгиланган тартибда исботлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши ҳақидаги Конституциямизда мустаҳкамланган айбсизлик презумпциясига қатъий риоя этиш зарурлигига қаратилмоқда. Шу муносабат билан ҳар бир иш бўйича иш юритувда жиноят-процессуал қонуни нормаларига қатъий амал қилиш шартлиги тўғрисидаги Жиноят-процессуал кодексининг 11-моддасида (қонунийлик) белгиланган талабларга суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд томонидан қатъий риоя этиш муҳим аҳамият касб этади. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонун нормаларини аниқ бажариш ва унга риоя этишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра, юз берганлигидан қатъий назар, шу йўл билан олинган далилларнинг номақбул (яроқсиз) деб топилишига олиб келади. Ўз навбатида, номақбул далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас. Шу муносабат билан Пленум қарори лойиҳасида исбот қилиш жараёнида далилларнинг мақбуллиги тўғрисидаги масалани тўғри ҳал этиш муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Далиллар мақбуллигининг шартлари эса, қуйидагилардан иборат: далил тегишли субъект томонидан, яъни далилни олиш билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатни ўтказишга ваколатли мансабдор шахс томонидан олинган бўлиши; фактга оид маълумотлар фақат Жиноят-процессуал кодексининг 81-моддасининг (далилларнинг турлари) 2-қисмида қайд этилган манбалардан олинган бўлиши; далил уни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга оид қоидалар ва тартибга риоя этилган ҳолда олинган бўлиши; далилни олишда тергов ва суд ҳаракати жараёни ва натижаларининг қайд этилишга доир қонуннинг барча талабларига амал қилинган бўлиши. Пленум қарори лойиҳасида далиллар мақбуллигига тааллуқли юқорида санаб ўтилган шартлардан бирортасига амал қилмаслик далилнинг номақбул деб топилишига асос бўлиши белгилаб қўйилди.