Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ички ишлар вазирлигининг “Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш, уни рўйхатга олиш ва рухсатноманинг амал қилишини бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш, рўйхатга олиш ва унинг амал қилиш муддатини бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, рухсатномани бериш Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлинма (бўлим, бўлинма, пункт)лари (кейинги ўринларда -ДЙҲХХнинг ҳудудий бўлинмалари) томонидан амалга оширилади.

ДЙҲХХнинг ҳар бир ҳудудий бўлинмалари ўз ҳудудида рўйхатга олинган автотранспорт воситалари учун енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсат беришни амалга оширади.

Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш)  ишлари  Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Инновацион лойиҳалар ва аҳолига сервис хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК (кейинги ўринларда - иш бажарувчи) томонидан рухсатнома ва тасдиқланган Давлат стандартларига мувофиқ амалга оширилади.

Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтириш) қуйидаги ёруғлик ўтказиш даражаси бўлишига рухсат берилади:

орқа ойнаси - 5 фоиздан кам бўлмаган;

орқа ён ойналари - 30 фоиздан кам бўлмаган;

ойналарни кўзгусимон тусда ўзгартиришга(қорайтиришга) рухсат этилмайди.

Енгил автотранспорт воситалари олд ойнасининг тепа қисми тусини эни 14 см.дан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлиги 30 фоиздан кам бўлмаган полоса шаклида ўзгартириш(қорайтириш) учун рухсатнома талаб этилмайди. Енгил автотранспорт воситалари олд ойнасининг тепа қисми тусини эни 14 см.дан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлиги 30 фоиздан кам бўлмаган полоса шаклида ўзгартириш(қорайтириш)  қуйидагича амалга оширилиши мумкин:

енгил автотранспорт воситасининг эгаси томонидан мустақил равишда;

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Инновацион лойиҳалар ва аҳолига сервис хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК томонидан тасдиқланган нархлар асосида иш бажарувчи томонидан.