Спорт | 16:44 / 28.08.2018
8236
2 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари. Яна икки ўзбекистонлик курашчи ярим финалда. 6 медал нақд

Ўзбекистон миллий кураш спорти жамоасининг 6 нафар вакили Осиё ўйинлари ярим финалига чиқди.

Ўзбекистон жамоасининг -52 кг вазн тоифасидаги вакили Гулнора Сулаймонова иштирокини саралаш босқичидан бошлади. У дастлабки рақиби, индонезиялик Мая Сари Сембирингни осонлик билан мағлуб этди ва нимчорак финалга чиқди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Кейинги босқичда унинг рақиби қозоғистонлик Акжўл Кайипхан бўлди. Сулаймонова бу рақибини ҳам 10:0 ҳисобида таслим этди.

Чорак финалда эса у мўғулистонлик Герелма Эрденетсогтни 10:0 ҳисобида енгди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Энди у финал йўлланмаси учун ҳиндистонлик Ядҳав Малапрабҳа Яллаппага қарши гиламга чиқади.

-52 кг вазн тоифасидаги Ойсулув Абдумажидова эса баҳсларга нимчорак финалдан киришди. У дастлаб туркманистонлик Анастасия Макеевага қарши гиламга чиқиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Чорак финалда эса эронлик Таҳира Азарпайванд билан беллашган ўзбекистонлик спортчи қийин ғалабани қўлга киритиб (5:0), ярим финалга чиқди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Энди Абдумажидова финал йўлланмаси учун ҳиндистонлик  Пински Балҳара билан беллашади.

Бунгача -66 кг вазн тоифаси вакиллари Маъруф Ғайбуллоев ва Руслан Бўриев, +90 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Муҳсин Ҳисомиддинов ва Нурбек Тўраев ҳам ярим финал иштирокчиларига айланди. Бу эса ярим финал беллашувларидан олдин Ўзбекистон жамоаси 6 медални нақд қилганини англатади.

Мавзуга оид