Бир журналистнинг ўз фикрини баён этгани учун уни халқ душмани ёки маънавиятсизликда айблашнинг ўзи маънавиятсизликдир.

Вольтер айтганидек, «Мен сизнинг фикрингизга қўшилмаслигим мумкин, аммо бу фикрингизни айтишингиз учун жонимни беришга тайёрман». 

Мен ҳам Никита Макаренконинг фикрига қўшилмаслигим мумкин, қарши бўлишим мумкин, аммо унинг ўз фикрини баён этиш ҳуқуқи учун қўлимдан келган барча ишни қилишга тайёрман. Макаренконинг мақоласидан кейинги чиқишлару, баланд овозлар, кўр-кўрона ёзилган қарғиш тўла раддиялар билан биз узоққа боролмаймиз. Энг ачинарлиси, узоққа бориш тугул, бугунги маънавий нуқтамиз ҳам абгорлигини кўрсатдик. Келинг бу ҳолатни бир таҳлил қилиб кўрсак.

Тунги клублар керакми ёки йўқ?

Бу ерда муҳим бир нуқтадан бошлашни истардим. Бугунги Ўзбекистон Президент бошчилигида тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда! Бунда биз мамлакат ва миллат ўлароқ танлаган йўл – ҳуқуқий демократик жамият тузиш йўли. Аввалгисидан фарқли ўлароқ ёлғондан эмас, номигагина эмас, сирти демократик, ичи автократик эмас, чин ва ҳақиқий ҳуқуқий демократик жамият тузиш йўлини танладик. Бу ҳақда Президент бутун дунёга маълум қилди. Нафақат оғзаки маълум қилди. Ташқи кучлар ва ички кучларга ҳам ўз қатъиятини исбот қилувчи координал ислоҳотларни бошлади. Аввалгидек, айтди қўйди, бир йилда унутилади деган тушунчалар билан бундан буён ишлаб бўлмаслигини давлат амалдорлари, масъуллар ҳис қила бошлашди. Ҳис қилмагани, унга кўнмагани лавозимидан олинмоқда. Шу ўринда кадрлар сиёсатидаги тез-тез ўзгаришлар ва ёш кадрларнинг қўрқмасдан масъул лавозимларга тайинланиши бу жараённинг амалга ошиши учун, яъни кўзланган мақсадга эришиш учун воз кечиб бўлмас бир эҳтиёж эканлигини кўрсатади. Яъни, президент янги насл бошқарув кадрларини –  янги тафаккурга соҳиб, маънан етук ҳамда кенг мушоҳадали кадрларни давлат бошқарув  аппаратига олиб келиш зарурияти шу билан изоҳланадики, тараққиётнинг янги босқичига мамлакатни фақатгина коррупцияга мойил бўлмаган, дунёга кенг назар сола оладиган, демократик қадриятларни ҳис қила олган насл олиб чиқа олади.

Аввалги мақолаларимда ҳам бугун бизда тўрт хил мафкуравий танлов борлигини, энг асосийси қай бирини танлашимиздан қатъи назар яхшиси баробарида ёмон тарафи бўлишини инобатга олишимиз зарурлиги ҳақида ёзгандим. Яъни, бизда яхши ёки ёмон орасида танлов йўқ. Инсон ва инсониятнинг, давлатнинг қисмати шундай азал-азалдан. Ҳамиша ёмондан кўра яхшироғини танлаш имкони бор холос. Шундай экан, демократик тараққиётнинг ҳам ўзига мос, аммо бизга ноқулай, миллий менталитетимизга уйғун бўлмаган тарафлари борлиги рост. Аммо, бу муаммоларни ҳал қилишнинг демократик механизмлари ҳам мавжуд. Энг асосийси, ҳар бир муаммога демократик тушунча билан ёндашилса бас.