Жамият | 18:58 / 29.08.2018
6043
2 дақиқада ўқилади

Божхоначилар “яшил” йўлак орқали ов қуроли гильзаларини олиб киришга бўлган уринишни фош қилишди

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

“Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости ходимлари қурол-яроғ ва ўқ-дориларнинг божхона чегараси орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарлигини фош этишди. Бу ҳақда Kun.uz’га Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

“Самарқанд” халқаро аэропортига “Домодедово-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган фуқаро Ж.Б. “яшил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганида унинг безовталаниши божхоначиларнинг диққатини тортди. Шундан сўнг, унга тегишли бўлган сумка холислар иштирокида текширилганда, сумкада жами 50 дона 16 мм калибрли ов қуроли гильзаларини яшириб ўтилаётганлиги аниқланди.

Унга нисбатан божхона ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди.

Суд қарорига кўра, ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227-19-моддаси 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади ҳамда ов қуроли гилзаларини давлат фойдасига мусодара қилди.

Йил бошидан Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан жами 158 та гилзаларнинг ноқонуний олиб кирилишга чек қўйилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид