Украина Хавфсизлик хизмати Днепропетровск областида «ташвиқотчилар» тармоғини фош қилди. Улар Россия махсус хизматлари буюртмасига кўра Украинадаги сайловолди кампаниясига аралашишга уринган. Бу ҳақда маҳкама сайтида хабар берилди.

Украина куч тузилмалари вакилларининг версиясига кўра, гуруҳ олдига «ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг жамоатчилик фикрини ўзгартириш орқали президентлик сайлови жараёнига таъсир ўтказиш учун плацдарм тайёрлаш» вазифаси қўйилган.

Янгиликка исбот сифатида видеоролик тақдим этилган, унда юзлари ёпиқ ва овозлари ўзгартирилган уч эркак Россия махсус хизматларига ишлашини тан олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  Порошенко «Москванинг қисқичлари» ҳақида гапириб берганди.

Украина президенти Пётр Порошенко Россияни ижтимоий тармоқлар орқали мамлакатдаги сайловларга аралашишда айблаган. «Москванинг қисқичлари ижтимоий тармоқларда жуда кучли тарзда жойлаштирилган, алоҳида ахборот воситаларини, кибермаконда назорат қилади... Ҳозирнинг ўзидаёқ етакчи IT-компаниялар Россия илдизлари билан чирмаб олинган минглаб, ўн минглаб сохта аккаунтларни қайд этмоқда. Россия янги, ўта кучли манипуляцион кампанияга тайёрланмоқда - fake news, барқарорликка путур етказиш», - дея маълум қилган Порошенко.