Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташриф муддати маълум бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 9-10 октябрь кунлари Франция Республикасига ташриф буюради, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Маълум қилинишича, ташрифнинг расмий мақоми ҳали ошкор этилмаган, шунингдек, режага киритилган учрашувлар ва кутилаётган натижалар ҳақида расмий маълумот йўқ. Шунга қарамай, олий даражадаги раҳбарларнинг учрашувига қадар бир нечта аҳамиятли тадбирлар бўлиб ўтди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг Франция тараққиёт агентлигининг (ФТА) Осиё йўналиши бўйича директор ўринбосари Жан-Клод Пирес бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Бундан кўзланган мақсад, албатта, Ўзбекистон Республикаси ҳамда Франция Республикаси ўртасидаги молиявий-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш келишувига эришишдир. Шунингдек, учрашувда ФТА томонидан мамлакат чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш, Тошкент шаҳрининг иситиш тизимини модернизация қилиш, қуёш фотоэлектрик станциясининг қурилиши ва «Чорвоқ» эркин туристик зонасини ташкил этиш каби масалаларни муҳокама этилгани маълум қилинди. Шу ўринда агентлик Ўзбекистонга 150 млн евро ҳажмида молиявий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Яна бир аҳамиятли учрашув Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида бўлиб ўтди.
Унда Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор Бош прокурор Отабек Муродов билан учрашди. Француз элчиси янги ташкил этилган Бош прокуратура ҳузуридаги Олий ўқув курслари Академиясида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ходимлари учун Франция давлатидан соҳа мутахассислари, экспертларни жалб этган ҳолда биргаликдаги ўқув машғулотларини ўтказишга қизиқиш билдирган.
Шунингдек, икки давлат ўртасида ҳуқуқий соҳада шартномавий-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан экстрадиция ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар тузиш зарурияти алоҳида таъкидланди.
Ана шундай учрашувлардан бири, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси институтида Франциянинг Ички ишлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш Бош дирекцияси экспертлари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди.
Мақсад – аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича ўзаро тажриба алмашишдан иборат.Иштирокчилар Франциянинг фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш тизими, кўнгилли ва профессионал қутқарувчиларни фавқулодда вазиятларга тайёрлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш услублари билан яқиндан танишган.
Шундан сўнг, учрашувлар французлар томонда давом этди: Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон делегациясининг Францияга ташрифи доирасида "Француз Альянси"нинг Марказий Осиёдаги ишлари бўйича минтақавий директори Микаэль Фуэнте билан учрашди. Музокаралар давомида умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Сенат раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Францияга ташрифи давомида Thales Alenia Space компанияси вице-президенти Э.Имберт билан учрашиб, космик соҳани тадқиқ этишда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришган. Таълимдаги ҳамкорлик бўйича яна бир нарса: Париж Академияси ректори, Иль-де-Франс Академик минтақаси вазири Ж.Пеко Тошкентда француз олий таълим муассасаларидан бири очилишини билдирган.
Энг асосийси Франция Ўзбекистоннинг энергетика сиёсатини қўллаб-қувватлаб, атом энергетикасининг ривожига кўмаклашмоқчилигини билдирмоқда.
2017 йил сентябр ойида Франция Президенти Эмманюэль Макрон Шавкат Мирзиёевни Мустақиллик байрами билан қутлаб, Ўзбекистон Президентини Парижга таклиф қилганди.
Икки давлат ўртасидаги энг тарихда бор-йўғи уч марта давлат раҳбарларининг ташрифлари кузатилган. Илк бор Ўзбекистон собиқ раҳбари Ислом Каримов 1993 йилда, кейинроқ 1996 йилда Францияга ташриф буюрганди. Ўша пайтдаги Франция Президенти Франсуа Миттеран эса 1994 йили давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган.
Франция Ўзбекистоннинг Европа минтақаси бўйича муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2017 йил якунига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси қиймати 251 миллион доллардан ошган.
Мавзуга оид
17:50 / 06.11.2024
Макрон Трамп ғалабасидан кейин Франция ва Германия мақсадларини айтди
21:44 / 05.11.2024
Netflixʼнинг Париж ва Амстердамдаги офисларида тинтув ўтказилди
18:52 / 05.11.2024
Michelin 2025 йилда Франциядаги иккита заводини ёпади
14:10 / 02.11.2024