Ўзбекистон | 18:20 / 01.09.2018
28655
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда Йеллоустон миллий боғи каби лойиҳа амалга оширилади

Жиззах вилояти Бахмал ва Зомин туманларида туризм кластер лойиҳалари амалиётга татбиқ этилади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

29-30 август кунлари Жиззах вилоятида ташкил этилган Халқаро инвестицион форумда Бахмал ва Зомин туманларида туризм соҳаси бўйича кластер лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди. Унга кўра, лойиҳа 3 босқичга ажратилади: 1) экотуризм; 2) агротуризм ва 3) этник туризм. 

Форум доирасида муҳокама этилган концепцияга мувофиқ, қайд этилган туманларда инфратузилмани ривожлантириш мақсадида, янги иншоотлар қурилиши учун ер майдони ажратилади. Лойиҳада белгиланганидек, туманларда эко-манзара бойитилади ҳамда квадроциклда сайр қилиш учун шароит яратилади. Осма ва арқон кўприклар, фуниклер қурилиши, тоғ спорти комплекси, музей ва маълумотлар марказини барпо этиш ҳам шулар жумласидандир. 

Агротуризмни ривожлантириш мақсадида 5 минг га ер ажратилиши ва у ерда дам олиш уйлари, спорт комплекслари, ҳайвонлар учун қўриқхона ташкил этиш режалаштирилган. Сайёҳлар отда сайр қилиб, шифобахш асалдан тотиб кўриши, тоғ ёнбағрида дам олиши мумкин. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Қосимов бу лойиҳани Йеллоустон миллий боғи сингари ягона бўлишига ишонмоқда. 

«Йеллоустонга ҳар йили 20 миллион киши ташриф буюради. Бу маҳаллий аҳоли учун катта даромад бўла олади. Шу туфайли Жиззах вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда шу лойиҳани ишлаб чиқишга аҳд қилдик. Бундан кўзланган мақсад иккита: мавжуд экотизимни сақлаб қолиш ҳамда аҳолига қўшимча даромад манбасини яратиш», дейди у.

Маълум қилинишича, айни пайтда Зоминда ёзнинг иссиқ кунлари 50-100 мингга яқин ташриф буюрувчилар бўлади. Лойиҳани амалга ошириш учун Beijing Jiufang Grang Move Transportation Equipment Co.Ltd компанияси ҳамда ДСКД бирлашмаси билан меморандум имзоланди. Меморандумга кўра, аввало, Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида темир йўл инфратузилмасини яхшиланиши режалаштирилган. ​

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид