Иқтисодиёт | 10:00 / 03.09.2018
12092
2 дақиқада ўқилади

Хартум конидаги яна бир қудуқдан нефть қазиб олиш бошланди

Фото: Ўзбекнефтгаз

Мустақилликнинг 27 йиллиги арафасида Андижон вилоятида жойлашган Хартум конидаги 83-сонли қудуқдан нефть қазиб олиш бошланди. Ушбу қудуқнинг нефт дебити кунига 30 куб метрни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар берди. 

Ушбу қудуқ замонавий технологияларни қўллаш ёрдамида бурғиланган бўлиб, уларнинг ёрдамида нефт ва газ қудуқларини бурғилаш жараёни тез ва сифатли амалга оширилмоқда. 

82-сонли қудуқнинг қурилиши 2006-2007 йилларда 18 ой давом этган бўлса, юқори технологияларни жорий этиш ва қўллаш натижасида бурғиланган 83-сонли қудуқ учун бор йўғи 3 ой сарфланган. Бу қурилиш жараёнининг 600% тезлашгани демакдир. 

Бундай натижага эришишда "Ўзбекнефтгаз" АЖ, ERIELL Oilfield Services Middle East DMCC компанияси ва Хитойнинг Xibu компанияси мутахассисларининг биргаликда олиб борган назорати ва амалга оширган ҳаракатларининг ҳиссаси катта. 

Яқин келажакда, қўшимча 3-4 қудуқнинг бурғиланиши кўзланган. Ундан мақсад, палеоген ётқизиғининг 8-қатламидан нефтни қазиб олишни кўпайтириш, ҳамда 4300 метргача чуқурликда жойлашган газли қатламларни баҳолаш учун яна бир қудуқни бурғилашдир. 

Мавзуга оид