Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Хўжалик юритувчи субъектларда реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) тушуми ва ходимлар сонининг хронометражини ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан хўжалик юритувчи субъектларда реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) тушуми ва ходимлар сонининг хронометражини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланиши мумкин.
Низомга кўра, хронометраж солиқ тўловчининг мансабдор шахслари ёки уларнинг вакиллари иштирокида, давлат бюджети даромадларини ошириш заҳираларини аниқлаш йўналишида маълум бир давр учун давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган ҳисоботларда сотилган маҳсулот, бажарилган иш, кўрсатилган хизматлар реализациясидан тушган тушумларни ва ходимларнинг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сонининг мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида ўтказилади.
Хронометраж бевосита хўжалик юритувчи субъектга мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, шунингдек пудрат ва (ёки) бошқа ҳуқуқий тусдаги шартномаларга асосан товарлар ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган, ишлар, хизматлар бажариладиган объектларда реализациядан тушадиган тушумларнинг ҳақиқий ҳажми, шунингдек мавжуд ходимларнинг сонини бирма-бир санаб чиқиш орқали аниқланади.
Хронометражни амалга ошириш жараёнида текшириш ўтказишга, хўжалик юритувчи субъектга нисбатан хронометраж ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича талабларни қўйишга ёки унинг молиявий-хўжалик фаолиятига бошқача тарзда аралашишга йўл қўйилмайди, бундан хронометраж ўтказилаётган вақтда назорат-касса машинаси ва тўлов терминалларидан фойдаланишга оид маълумотларни ҳамда хронометраж ўтказилаётган объектларда меҳнат шартномаси тузган ва (ёки) тузмаган ҳолда фаолият юритаётган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни олиш мустасно.
Хронометраж натижаларидан тақдим этилаётган солиқ ҳисоботининг ҳаққонийлигини таҳлил қилиб бориш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни қайта ҳисоблаш, шунингдек солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базасини юритиш ва қўшимча солиқ солинадиган манбаларни аниқлашда фойдаланилади.
Хронометраждан кейинги кунлардаги ўртача тушумлар асосли сабабларга кўра камайиб ёки кўпайиб кетган ҳолатларда хўжалик юритувчи субъект ўртача кунлик ёки ойлик тушумларни аниқлаш учун қайта хронометраж ўтказиш тўғрисида давлат солиқ хизмати органига мурожаат қилиши мумкин.
Хронометраж ўтказишда махсус ваколатли органлар билан келишиш талаб этилмайди ва “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”га ёки унинг электрон шаклига ёзув киритилмайди.















