Жамият | 12:44 / 05.09.2018
73783
2 дақиқада ўқилади

ИИББ ёш болани олдига ўтказиб, бошқа ҳайдовчини «терпила» деб атаган аёлни қидирмоқда

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ўз олдига ёш болани ўтказиб қўйиб, машина ҳайдаб кетаётган аёл тасвирланган видео тарқалди.

Видеодан кўриш мумкинки, машина бошқарувидаги аёл ўз олдига ёш болани ўтказиб қўйиб, писта чақиб кетган ва пўчоқни ойнадан ташлаган.

Ҳайдовчининг ёш болани нега олдига ўтказиб қўйгани ҳақидаги саволига аёл бақирган ва уни «терпила» деб атаган. Шу билан бирга, у ўрта бармоғини ҳам кўрсатишга улгурган.

Пойтахт ИИББдан хабар беришларича, видеода тасвирланган аёлга нисбатан чоралар кўрилади. Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ аёлнинг шахсини аниқлаш билан шуғулланмоқда.

«Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, 12 ёшгача бўлган болаларни мотоциклнинг орқа ўриндиғи, енгил автомобилнинг олд ўриндиғида болаларни ушлаб турувчи махсус воситаларсиз олиб юриш тақиқланади. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 128-моддасида одамларни ташиш қоидаларига риоя қилмаганлик учун энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бироқ, бу ушбу қоидабузарлик биринчи марта содир этилса рўй беради. Худди қоидабузарлик уч баробар ёки ундан ортиқ маъмурий жавобгарлик қўлланилганидан кейин бир йил мобайнида такроран содир этилса энг кам иш ҳақининг тўрт баробари миқдорида жарима ёки транспорт воситасини олти ойга бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилишга олиб келади», - дейилади ИИББ хабарида.

Бундан ташқари, Йўл ҳаракати қоидалари аниқ белгилаб қўйилганки, ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақиши керак. Ҳайдовчилар томонидан транспорт воситасини бошқариш чоғида хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 125-моддаси).

Мавзуга оид