Жамият | 16:30 / 05.09.2018
3420
3 дақиқада ўқилади

Марғилонда «Атлас байрами» тўқимачилик фестивали ўтказилади

11 – 15 сентябрь кунлари Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида «Атлас байрами» тўқимачилик фестивали ўтказилади.

Бу йил тўртинчи маротаба ташкил этилаётган «Атлас байрами» анъанавий тўқимачилик фестивали миллий матолар, ҳунармандчилик ва анъаналарни дунёга танитишда муҳим роль ўйнайдиган маданий тадбирлардан бири ҳисобланади. Йилдан-йилга ушбу фестивалнинг кўлами ошиб бормоқда.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси биносида ОАВ вакиллари ва ташкилотчилар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда фестивал доирасида ўтказиладиган маданий маросимлар тўғрисида ахборот берилди. ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дандев Бадарч ўз фикрларини билдирди.

Photo: PressPhoto.uz/HusniddinAto

«Атлас байрами»ни ўказишдан асосий мақсадимиз Ўзбекистоннинг бой номоддий меросини муҳофаза қилиш, оммалаштириш ва анъанавий ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратилган. Шу пайтгача ушбу тўқимачилик фестивали республика доирасида ўтказиб келинган эди. Навбатдаги «Атлас байрами»ни халқаро миқёсда ташкил этдик. Ислом Каримов номидаги халқаро жамғарма мутасаддилари хориждан етакчи мутахассисларни жалб қилишимизда катта кўмакчи бўлди. Шу сабабли Хитой, Франция, Испания, Туркия, АҚШ, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Россия каби ўндан ортиқ давлатларнинг ёрқин намоёндалари ташриф буюриши ва маҳорат дарсларини ўтказишлари кутилмоқда. Биз тадбир орқали нафақат бой номоддий меросимизни асраш йўлида ҳисса қўшиш, балки юртимизга келувчи сайёҳлар оқимини ҳам сезиларли равишда ошириш имкониятига эга бўламиз», дея унинг сўзларини келтирган «Kun.uz» мухбири.

Photo: PressPhoto.uz/HusniddinAto

Шу билан бир қаторда, анжуманда фестивал ташкилотчиларидан бўлган академик Акбар Ҳакимов батафсил маълумот берди. Жумладан, Марғилонда бўлиб ўтадиган «Атлас байрами» халқаро тўқимачилик фестивали 3та йирик: таълимий, илмий ва оммалаштириш йўналишларида ташкил этилади. Бунда «Буюк Ипак йўлидаги Шарқ ва Ғарб таъсири: Ханчжоу, Марғилон, Валенсия» мавзусидаги халқаро илмий конференция, «Буюк Ипак йўли: анъаналарни давом эттириб...» анъанавий тўқимачилик кўргазмаси ҳамда дизайнерларнинг маҳорат дарслари ташкил этилади. Шунингдек, Эрмитаж ҳамда Хитой ипак музейи вакиллари таклиф қилинган.

Эслатиб ўтамиз, фестивал Фарғона вилояти ва Марғилон шаҳри ҳокимияти, Марғилондаги Ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, «Ҳунарманд» ассоциацияси, DVV International ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти ва бир қанча халқаро ташкилотлар кўмагида ташкил этилмоқда.     

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид