Ўзбекистон | 08:12 / 05.09.2018
37034
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2025 йилгача пахта толаси экспорт қилишни тўхтатмоқчи

2025 йилгача Ўзбекистон пахта толаси экспорт қилишни тўхтатиш ва ички бозорда уни тўлиқ қайта ишлашни таъминлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси Стратегик прогнозлаш департаменти бошлиғи Дилбар Муҳамедова маълум қилди, деб ёзмоқда Uzdaily.

Фото: UzDaily

Дилбар Муҳамедованинг таъкидлашича, Ўзбекистон корхоналари 2018 йилда 520 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш имкониятига эга. Шу билан бирга, корхоналарнинг лойиҳа қуввати 720 минг тоннани ташкил этади.

Бош вазир ўринбосари Нодир Отажоновнинг қайд этишича, Ўзбекистон саноатни ривожлантиришда янги босқичга ўтмоқда. Ўзбекистонда тўқимачилик кластерлари ташкил этилган ва ишламоқда. Соҳага 3 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилди.

Унга кўра, ҳозирги вақтда тўқимачилик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун кластер хўжаликлари яратилмоқда.

Мамлакатда бугунги кунда 15та кластер хўжаликлари фаолият юритмоқда, 2019 йилда эса шундай хўжаликларнинг яна бир нечтаси ташкил этилади.

Мавзуга оид