Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Қирғизистонга расмий ташрифи вақтида Туркия делегацияси Қирғизистонга ФЕТО ташкилотига алоқадор шахслар рўйхатини топширди.

Haberturk интернет нашрининг ўз манбасига таяниб хабар беришича, рўйхатда 130 кишининг исм-шарифи келтирилган бўлиб, улардан 13 нафари «биринчи навбатда» сўралмоқда.

Манбанинг хабар беришича, Қирғизистонда шу пайтга қадар ФЕТОга қарши фаол кураш олиб борилмаган, Туркияда террорчи деб тан олинган мазкур ташкилот раҳбарлари эса ушбу ҳолатдан фойдаланишган.

Шунингдек, «Ҳуррият» газетаси журналисти Ханде Фират рўйхат борасида ўз фикрини билдирган.

«Кўплаб мамлакатлар, жумладан Қирғизистон ҳам ФЕТО ҳақида чуқур билишларига ишонмайман. Биз бу ҳақда гапирганмиз ва гапиришда давом этамиз. Туркияда ФЕТОнинг Қирғизистондаги фаолиятига алоқадор 130 кишидан иборат рўйхат мавжуд. Рўйхат Қирғизистон ҳукуматига топширилди. Биз биринчи навбатда энг юқори қаторда жойлашган 13 шахсни хоҳлаймиз. Улар ичида ташкилот раҳбарлари, Марказий Осиё имоми бор. Рўйхатдан барча маълумотни, исмлар, яшаш манзиллари, қаерда ишлаши, яъни уларнинг яширинишларига имкон қолдирмайдиган барча маълумотни топиш мумкин», - деган Фират.