Буюк Британия полицияси Россия разведка бошқармаси собиқ полковниги Сергей Скрипаль ҳамда унинг қизи Юлия Скрипалга уюштирилган суиқасдда гумонланувчиларнинг номларини маълум қилди. Булар Россия фуқаролари Александр Петров ва Руслан Боширов: полиция тахминига кўра, бу исм-шарифлар тўқиб чиқарилган, лекин улар ҳақиқий паспортлар билан Буюк Британия ҳудудига киришган. Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй гумонланувчилар Россия Разведка бошқармаси ходимлари эканини маълум қилди.
Скрипалларни қандай заҳарлашган: Британ полицияси талқини

Скотленд-Ярдда аксилтеррор бўлим раҳбари сифатида ишловчи Нил Басунинг айтишича, текширувлар давомида жиноятнинг умумий картинаси ҳосил қилинган.
Унга кўра, 2 март куни Петров ва Боширов «Аэрофлот» рейси орқали Лондондаги Гатвик аэропортига келишган. Шу куни улар Лондон шарқидаги Боу-роуд мавзесида жойлашган City Stay Hotel меҳмонхонасида тўхташган.
3 март куни гумонланувчилар меҳмонхонани тарк этиб, жамоат транспортида Ватерлоо темир йўл вокзалигача етиб олишган. Улар бу ерда соат 11:45да Солсберига борадиган поездга чиқишган. Улар Солсберида 1,5 соат вақт ўтказиб, Лондонга қайтиб келишган. Полиция тахминига кўра, бу сафар вақтида улар Солсберидаги ҳолатни ўрганишган.
4 март куни тонгида улар Солсберига, бу сафар суиқасдни амалга ошириш мақсадида йўл олишади. Бу сафар Ватерлоодан поезд соат 08:05да юрган. Солсберида Петров ва Боширов Сергей Скрипалнинг уйи яқинида кузатув камераларига тушиб қолган. Полиция маълумотига кўра улар «Новичок» моддасини Скрипаллар уйи эшиги тутқичида қолдиришган.
Петров ва Боширов Лондонга соат 16:45да қайтиб келишган, тахминан соат 18:30да улар Ҳитроу аэропортига боришган, бу ердан соат 22:30да «Аэрофлот» рейси орқали Москвага учишган. Скотленд-Ярд ҳисоботига кўра улар кейин Буюк Британияга қайтишмаган.
«Новичок» атири

Скрипаллар заҳарланган «Новичок» моддаси излари Петров ва Боширов тунаган City Stay Hotel меҳмонхонасида аниқланган. Полициянинг қайд этишича, топилган моддалар инсон ҳаётига хавф туғдирмас даражада оз бўлган. Қолаверса пробалар 4 май куни, Скрипалларнинг заҳарланишидан роппа-роса 2 ой ўтиб олинган.
Полициянинг аниқлашича, Скрипаллар заҳарланган «Новичок» моддаси Nina Ricci брендининг «Premier Jour» номли атири идишидаги суюқлик таркибида бўлган. Бу идиш 27 июнь куни Солсберидан узоқ бўлмаган масофада жойлашган Эймсбери шаҳарчасида яшовчи Чарльз Роулининг буюмлари орасидан чиққан.


















