Ўзбекистон | 02:18 / 07.09.2018
9697
2 дақиқада ўқилади

Солиқ хизмати: Ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими такомиллаштирилмоқда

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 26 июндаги 3802-сонли қарорига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ академияси Қўмита ҳузуридаги Малака ошириш марказига айлантирилди. Шуни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси давлат солиқ хизмати органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга доир қарорни (№704) қабул қилди.

Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: қўшимча профессионал таълим дастурларини ишлаб чиқиш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, таълим берувчи таркиб малакасини ошириш, тингловчилар таълим олиши учун шароитлар яратиш, масофавий таълим ва ҳисобчилар, аудиторлар ҳамда солиқ маслаҳатчиларини ўқитишнинг замонавий усулларини татбиқ қилиш.

Малака ошириш марказига 50 штат бирлиги берилиб, қуйидаги курслар ташкил этилади:

  • солиқ органларида бошқарувчи лавозимларни тўлдириш учун заҳирадаги кадрлар малакасини ошириш - 1 ойгача;
  • давлат солиқ хизмати органларига қайта ишга қабул қилинаётган шахсларни қайта тайёрлаш - 3 ойгача;
  • туман солиқ инспекциялари ходимларининг малакасини оширишга доир таълим - 1 ойгача;
  • ҳисобчи, аудитор, солиқ маслаҳатчиларининг солиққа тортиш бўйича малакасини оширишга доир таълим - келишув асосида.

Мавзуга оид