6 сентябрь куни Шаҳрисабзда I Халқаро мақом санъати форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўзбек миллий мақом санъатини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлоднинг мумтоз мусиқага бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ташкил қилинган. Халқаро мақом санъати форуми биринчи марта ўтказилмоқда. Давлат раҳбари қарорига мувофиқ ушбу тадбир икки йилда бир марта ўтказилади. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов MAQOM ART форумидан кейин Шаҳрисабзда нима ўзгаргани ҳақида сўз юритди.

Фото: Камиль Еникеев

Вазифалар ва қийинчиликлар

Шаҳрисабзда биринчи марта халқаро даражадаги фестиваль ўтказилмоқда. Бу тадбирни Ўзбекистоннинг бундан-да машҳурроқ шаҳарларида ўтказиш мумкин эди. Бироқ янги чўққиларни забт этиш ва Қашқадарё вилоятининг туристик салоҳиятини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Стратегик вазифалар бўлди, ҳаммаси ҳам осон кечмади. Улар нафақат саҳна, амфитеатр, концерт дастурини тайёрлаш, балки туристик инфратузилма билан ҳам боғлиқ бўлди. Қисқа фурсатларда шаҳарда инфратузилма яхшиланди, сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинди.

Шаҳрисабз бугун

Бугунга келиб Шаҳрисабз бемалол 5000 нафаргача меҳмонни қабул қила олади. Электр таъминоти билан боғлиқ ишлар олиб борилди, иллюминациялар яратилди. Шаҳар деярли тўлиқ қайтадан асфальтланди. Ишлар ҳали-ҳануз давом этмоқда. Туристик автобуслар, мини-автобуслар, автомобиллар ва ҳатто электрокарлар харид қилинди. Afrosiyob тезюрар поездлари қатнови йўлга қўйилди.

Ҳар бир ҳудуд ўзига хос

Қашқадарё вилоятининг ҳар бир тумани махсус яратилган "этно-шаҳарча"да намойиш этилди. Бу ерда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги, тарихий ва маданий меросининг фарқланишини кўриш мумкин. Бугунга келиб этно-шаҳарча 14 вилоятни ўзида жамлаган, лекин унинг кўлами кенгайиб ва ривожланиб бораверади. Ҳар бир ҳудуднинг маданий ўзига хослиги ва туристик салоҳияти ноёбдир. Ушбу этно-шаҳарча бўйлаб ҳаракатланиб, барчасига ўз кўзингиз билан ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигини имкон қадар очиб беришга ҳаракат қилинди.

Маданий мерос

Сайёҳларни юртимизнинг бой тарихи ва маданияти билан таништириш учун нафақат экспозициялар, балки Ўзбекистон маданияти учун анъанавий ҳисобланган бадиий образлардан ҳам фойдаланилмоқда. Шаҳрисабзда профессионал актёрлар уларнинг сиймоларини акс эттиришди. Амир Темур, Алпомиш ва Барчиной, Алишер Навоий ва б. Бу нафақат маҳаллий аҳолини, балки хорижлик меҳмонларни ҳам қизиқтириб қолди.