Жаҳон | 16:20 / 08.09.2018
13700
2 дақиқада ўқилади

«Россия иши». Трампнинг собиқ маслаҳатчиси 14 кунга қамалди

Фото: Yuri Gripas / Reuters

Дональд Трамп сайловолди штабининг собиқ маслаҳатчиси Жорж Пападопулос «Россия аралашуви» иши юзасидан ФҚБга ёлғон гувоҳлик бергани учун қамоқ жазога ҳукм қилинди. Унга икки ҳафталик қамоқ ва 9 500 АҚШ доллари миқдорида жарима қўлланилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Бундан ташқари, у 200 соат мажбурий жамоат ишларига жалб этилади, яна бир йил назорат остида бўлади.

Суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг, Пападопулос суд залини тарк этиб, изоҳ беришдан бош тортди. Шунга қарамай, унинг яқинлари хабарига кўра, судьянинг қароридан мамнундирлар. «Мен ушбу қарордан жуда мамнунман. У адолатли бўлди. Мен бундан ҳам қисқа муддатни хоҳлагандим, бироқ бу қўрқинчли эмас. Бу унга нималар содир бўлаётгани ҳақида ўйлаб кўришга вақт беради», - дея унинг онаси Кики Пападопулоснинг сўзларини келтиради Reuters. Шу билан бирга, у ўғли ҳамон Трампни қўллаб-қувватлашда давом этаётганини таъкидлади.

Прокурорлар суд жараёни давомида Пападопулос учун олти ойгача қамоқ жазосини талаб қилишди. Прокурор Эндрю Гольдштейннинг алоҳида қайд этишича, айбланувчи, ўз баёнотларига қарамай, тергов билан ҳамкорлик қилмади.

Пападопулос АҚШда 2016 йилги сайловолди кампаниясида Дональд Трампнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси эди. ФҚБнинг президентлик сайловларига «Россия аралашуви» бўйича иш доирасидаги тергови давомида, у махсус хизмат агентларига ёлғон гувоҳлик бериб, россиялик расмийлар билан ўз учрашувларини рад этди ҳамда Демократия партия серверлари рус ҳакерлари томонидан бузиб кирилгани бўйича маълумотни бермади. Бироқ, 2017 йилда Пападопулоснинг Россия амалдорлари билан алоқалари ҳақида маълум бўлди, бу уни жиноий таъқиб этишга олиб келди. 2017 йилнинг ноябрида у тергов билан келишув доирасида ўз айбини тан олди.

Мавзуга оид