Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида Хўжалик юритувчи субъектларда товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушумлар ва ходимлар сони хронометражини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди, деб ёзмоқда Norma.
 
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 октябрдан солиқ органлари хронометраж натижаларига кўра охирги ҳисобот даври учун товар (иш, хизмат)лар реализациясидан камайтириб кўрсатилган тушумни ва ходимлар сонини қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида талабнома юбориш ҳуқуқига эга бўладилар. Камайтириб кўрсатиш такроран аниқланганда, ушбу ҳаракатлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланади. 
 
Ишлаб чиқилган ҳужжатда юқорида кўрсатилган қарорни амалга ошириш механизми белгиланган. Шуни қайд этиб ўтамизки, лойиҳани тайёрлаш босқичида хронометраж натижаларини баҳолаш чоғида сотувларнинг мавсумийлигини ҳисобга олиш зарурлиги юзасидан фикр билдирилган эди. Шунингдек, такроран камайтириб кўрсатишга солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортиш учун асос сифатида қарамаслик керак – буни тегишли текширувлар билан тасдиқлаш зарур. Мазкур далиллар ишлаб чиқувчиларнинг позициясига мос келди.   
 
Хронометраж нималарни қамраб олади, қаерда ўтказилади
 
Лойиҳада сотилган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар реализациясидан тушумнинг ҳисоботдаги ва ҳақиқий миқдори, шунингдек ходимларнинг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида хронометраж ўтказилишини белгилаш таклиф этилмоқда. Шу тариқа, ҳозир ходимлар сони фақатгина ўтказилган хронометраж тўғрисидаги маълумотлар жадвалида акс эттирилса, эндиликда унинг тўғридан-тўғри объектига айланади. Шу сабабли солиқ органларига нафақат назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларидан фискал маълумотларни олиш, балки солиқ тўловчиларда меҳнат шартномаси тузган ёхуд тузмаган ҳолда ишловчи шахслар тўғрисида маълумотларни талаб қилишга рухсат берилади.   
 
Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъектларнинг қайси объектларида хронометраж ўтказилиши юзасидан аниқлик киритилмоқда. Булар – товарлар ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган, ишлар бажариладиган ёки хизматлар кўрсатиладиган объектлар. Бунда нафақат мулк, эгалик қилиш ёки ижара ҳуқуқида хўжалик юритувчи субъектларга тегишли бўлган объектлар, балки хўжалик юритувчи субъект пудрат шартномаси ёхуд бошқа шартнома асосида ўз фаолиятини юритадиган жойлар ҳақида ҳам сўз бормоқда. Масалан, буюртмачиларга тегишли қурилиш майдончалари.