Ўзбекистон | 16:20 / 13.09.2018
8079
2 дақиқада ўқилади

Беларусь Ўзбекистонда ҳарбий техникаларни модернизациялаш бўйича заводлар қурмоқчи

Беларусь Ўзбекистонда ҳарбий техникаларни модернизациялаш бўйича заводлар қуришга тайёр. Бу ҳақда Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан кенг доирадаги музокаралар чоғида маълум қилган.

«Биз бугун сизнинг техникаларингизни, учиш аппаратларингизни, зирҳли техникангизни нафақат таъмирлаш, балки модернизациялаш бўйича келишувга эришдик. Ўзбекистонда Су ва МиГ самолётларини, БТР ва танкларни, кемаларни модернизация қилувчи заводлар қуришга тайёрмиз. Ҳарбий-саноат комплексини ривожлантиришимиз мумкин. Биз сизларга қуриб берамиз. Мураккаб ракета техникалари ҳам бўлади», дея Беларусь президентининг сўзларини келтиради «Kun.uz» мухбири.

Александр Лукашенко Беларусда хавфсизлик соҳасида Ўзбекистондан яширадиган сири йўқлигини таъкидлаб ўтган. 

«Президент бугунги кунда биз қандай дунёда яшаётганимизни тўғри тушунади ва мудофаа ҳамда хавфсизлик борасида қайғуради. Агар сизда бизнинг ҳарбий мактабимизга қизиқиш бўлса, биз сиздан ҳеч нарсани яширмаймиз», деган у.

Ўзбекистон ва Беларусь президентлари ўртасида давлатлараро ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ҳарбий маҳсулотлар етказиб бериш, ҳарбий техникани таъмирлаш, қуролланиш ва бошқалар бўйича ўзаро келишув имзоланган.

Мавзуга оид