Ўзбекистон | 18:10 / 13.09.2018
10519
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Ўзбекистонга Афғонистон бозорига бирга киришни таклиф қилди

Фото: belta.by

Беларусь ва Ўзбекистон биргаликда Афғонистон бозорига кириши мумкин. Бу ҳақда Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган музокаралар якунида маълум қилди.

«Биз ўзбекистонлик дўстларимиз Афғонистон билан ҳамкорлик қилишимизда ёрдам кўрсатишидан манфаатдормиз. Аммо биз у ерга маҳсулотларимиз билан ёлғиз эмас, сиз билан бирга киришни истаймиз. Ўзбекистонда маҳсулотлар, жумладан машинасозлик маҳсулотлари тайёрлаб, уларни Афғонистон бозорига олиб кириб, афғонларга ёрдам беришимиз мумкин. Улар буни қадрлашади», дея унинг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» мухбири.

Лукашенко Афғонистон бозорида суперкомбайнлар ёки охирги русумдаги тракторларга зарурат йўқлиги, уларга оддий техникалар кераклигини қайд этиб ўтган.

«Биз бугун Ўзбекистонда шундай техникаларни йиғишимиз, кейинроқ бу амалиётни Тожикистон ва Афғонистонда ҳам жорий этишга тайёрмиз», дея қўшимча қилган у.

Шу билан биргаликда, Беларусь президенти қўшма корхоналар ташкил этилиши ва беларуслар тажрибасини бериш текинга бўлмаслигини қайд этиб ўтган.

«Ўзбекистон бу технологиялар учун тўлов қилишга ва қўшма корхоналар тузилишини қўллаб-қувватлашга тайёр. Яна нима керак? Биз ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар учун улар таклиф этаётган бозорлар керак. Бу ерда 33 миллион киши яшайди. Атрофда ҳам катта ҳудуд бор», деган Александр Лукашенко.

Мавзуга оид