Жаҳон | 15:54 / 17.09.2018
22704
2 дақиқада ўқилади

Россия мудофаа вазирлиги Донбассда уриб туширилган Boeing ҳалокати бўйича янги маълумотларни эълон қилди

Фото: РИА Новости

Россия мудофаа вазирлиги Донбассда Малайзия ҳаво йўлларига қарашли Boeing 777 самолёти ҳалокати бўйича брифинг ўтказди.

Унда маълум қилинишича, фожиа юз берган жойда топилган бўлаклар орқали ракетанинг борт рақамини аниқлашга муваффақ бўлинган. Ракета 1986 йилда Долгопруднийдаги илмий-ишлаб чиқариш корхонасида ишлаб чиқарилган.

Мудофаа вазирлиги ушбу корхонада ишлаб чиқарилган 9М38 (“Бук” зенит-ракета мажмуаси учун мўлжалланган ракета) бўйича маҳсулот қабул қилиш журналида қайд этилган ракетанинг ҳаракатланиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилди.

Вазирликнинг ракета-артиллерия бош бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Николай Паршиннинг сўзларига кўра, ракета 1986 йил декабрда Прикарпат ҳарбий округи таркибида бўлган Украина ССР Тернопол областида жойлашган 223-зенит-ракета бригадасига жўнатилган.

Кейинчалик 223-бригада 223-зенит-ракета полки деб номлана бошлаган ва ҳозирда Стрий шаҳрида (Украина) жойлашган.

Ракета Украина ҳарбий кучларига тегишли ва Россия ҳудудига қайтарилмаган, деди Паршин.

Фото:  РИА Новости / Виталий Белоусов

Амстердамдан Куала-Лумпурга МН17 рейси билан учаётган Малайзиянинг Boeing-777 самолёти 2014 йил 17 июлда Украина шарқида Донецк яқинида ҳалокатга учраганди. Самолётда бўлган 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган. 

Киев фожиада исёнчиларни айблади. Улар эса бундай баландликдаги ҳаво кемасини уриб туширадиган воситага эга эмаслигини билдиришди.

Халқаро экспертлар гуруҳи Boeing уриб туширилган "Бук" зенит-ракета мажмуаси Россиядан Украинага олиб ўтилганини, сўнгра яна қайтариб Россияга олиб кетилганини билдирди.

Москва эса суриштирув хулосаси фақатгина Украинадан олинган маълумотлар асосида чиқарилганини билдирди ва бу айбловни асоссиз деб атади.

Мавзуга оид