16 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши ўтказилди.
Йиғилиш кун тартибида республика аҳолисини ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.
Йиғилишда «Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асносида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида қуйидаги қарорлар қабул қилинди:
1. Ички истеъмол бозорига маҳаллий 1-навли ун ресурслари узлуксиз ва бир текисда етказиб берилишини таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлов хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари АТД, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда «Ўздонмаҳсулот» АКнинг қуйидаги таклифларига розилик берилади:
- 2018 йил 17 сентябрдан бошлаб «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналарига қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳамда чакана савдо ташкилотлари (биринчи навбатда супермаркетлар, савдо марказлари, улгуржи савдо ташкилотлари)га ун маҳсулотини шартномалар асосида чекловларсиз сотишга;
- 2018 йил 17 сентябрдан бошлаб (алоҳида топшириқ берилгунга қадар) «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналарига истисно тариқасида, чакана савдога рухсат гувоҳномаси талаб этилмасдан, 1-навли маҳаллий ун маҳсулотининг турғун ва кўчма чакана савдосини амалга оширишга.
2. «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари томонидан 1-навли ун маҳсулотининг чакана сотиш нархи 1750 сўм доирасида бўлади.
3. Марказий банк ва Давлат солиқ қўмитаси биргаликда 1 кун муддатда маҳаллий 1-навли ун маҳсулотининг чакана савдосини амалга оширишга жалб этилган «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналарининг буюртмалари асосида уларни тезкор равишда тўлов терминаллари билан таъминлаш ҳамда чакана сотиш жойларини кунлик инкассация чораларини кўради.
4. Давлат Солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари томонидан маҳаллий 1-навли ун маҳсулотини супермаркетлар, йирик савдо марказларида, бозорларда ҳамда савдо шохобчаларида 1 килограмм 1-навли маҳаллий ун маҳсулотига чакана нархлар асоссиз шаклланиши олдини олиш чораларини кўради.
















