Жамият | 14:47 / 19.09.2018
11719
2 дақиқада ўқилади

Вилоят ҳокимининг сайёр қабули: мурожаатлар ечимига хизмат қилиб

Сурхондарё вилояти ҳокими Баҳодир Пўлатов Музработ туманида сайёр қабул ўтказди. Унда фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун вилоят, туман ҳокимликлари мутасаддилари, секторлар ҳамда 100 дан зиёд идора ва ташкилотлар раҳбарлари, Халқ қабулхонаси вакиллари жалб этилди.

Қабул давомида аҳоли томонидан йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш, коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, уй-жой билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш сингари 242 та масала юзасидан мурожаатлар тушди.

-  Эрталаб сайёр қабулга келаётганимда уйга тикув машинаси билан қайтаман, деб сира ўйламагандим - дейди “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Нигора Қўлдошева. - Мана, бугун замонавий тикув машинасини беришди. Энди барча буюртмаларни уйда ўтириб бажараман. Энг муҳими, ишли бўлдим. Бундай  самарали тизим йўлга қўйилганидан хурсандман.

Вилоят ҳокими ҳар бир мурожаатни диққат билан эшитиб, ўртага ташланган масалаларни ўз ўрнида, қўшимча ўрганиш талаб этадиган муаммоларни қисқа фурсатда ҳал этиш чораларини кўрди. Хусусан, туманда бўш турган 2 та бинони қайта таъмирлаб, уй-жойга мослаштирган ҳолда уларга 63 та эҳтиёжманд оилани жойлаштириш ва бошқа масалалар бўйича мутасадди раҳбарларга қатъий вазифа ва топшириқлар берилди.

Мавзуга оид