Бугунги кунда Ўзбекистонда аччиқ қалампир етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бежизга эмас, чунки жаҳон бозорида бу маҳсулотга бўлган талаб катта. Мутахассисларнинг фикрича, аччиқ қалампир сердаромад соҳа, ер танламайди, кўп меҳнат талаб қилмайди. Хориж тажрибаси асосида вақтида сув бериб, озиқлантириб борилса, гектаридан 20 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Энг муҳими, жаҳон бозорида харидоргир.

Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда сердаромад, экспортбоп бўлган аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Бунинг самараси ўлароқ 2018 йил 27 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори чиқди.

Фото: Chili Spice

Хўш, қисқа давр ичида бу соҳада нималарга эришилди? Кўзланган мақсад ва режаларга эришилдими? Айни кунларда Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида экспортбоп аччиқ қалампир етиштириб, илк тайёр маҳсулотларни Chili Spice бренди остида Араб ва Европа давлатлари ҳамда Россияга жўнатаётган BIG AGRO компаниясининг Экспортни ривожлантириш департаменти бошлиғи Бобур Абдумавлянов шулар ҳақида гапириб берди.

- Давлатимиз раҳбари томонидан берилган кенг имкониятлар аграр соҳани ҳам четлаб ўтмади. Ҳақиқатан ҳам талаб юқори бўлган қалампир етиштиришда бугун изчил ва шу билан бирга жуда катта ишлар қилиняпти. Буни Қашқадарёнинг Миришкор туманида фаолият юритаётган BIG AGRO компанияси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Баҳор ойида қалампир уруғини Ҳиндистондан олиб келиб экдик. Шу давлатдан ташриф буюрган мутахассислар бизга ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда ёрдам беришди. Айни кунларда ҳосилни йиғиб олиш ва уни қайта ишлаш жараёнлари кетмоқда.

Фото: Chili Spice
Фото: Chili Spice

Бобур Абдумавлянов қалампир экспорти, харидор топиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

- Ҳар қандай маҳсулотни хорижга экспорт қилиш осон иш эмас. Аввало, сифат ва бозордаги рақобатга эътибор қаратиш керак. BIG AGRO компанияси томонидан Chili Spice бренди остида тайёрланаётган маҳсулотларимизнинг сифатига қаттиқ эътибор қаратганмиз ва унга инновацион ёндашганмиз. Шу билан бирга биз етиштирган навга жаҳон бозорида талаб юқори.