Norma «Обод маҳалла» дастурини амалга оширишнинг юридик жиҳатлари ҳақида мақола эълон қилди. 
 
Тошкент шаҳрининг инфратузилмасини яхшилаш мақсадида қуйидаги олижаноб мақсадларга йўналтирилган «Обод маҳалла» дастури амалга оширилмоқда:

• аҳоли турмуш сифатини яхшилаш;
• Тошкент шаҳридаги туманларни модернизациялаш;
• керакли хизматларни яқин жойда тақдим этиш.
 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Республика кенгаши, «Маҳалла» фондига:

• 2018 йилнинг 1 декабригача – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар марказларида «Маҳалла маркази» мажмуалари биноларини;
• 2021 йилнинг 1 декабригача фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш) чораларини кўриш вазифаси топширилган (3.02.2017 йилдаги ПФ–4944-сон Фармоннинг 8-банди).
 
Юқорида кўрсатилган дастур доирасида Тошкент шаҳридаги туманларда кенг миқёсли қурилиш ишлари бошланди.
 
Бироқ, республика ОАВнинг гувоҳлигига кўра, инвесторлар фойда олиш ниятида маҳалла марказлари кўриниши остида кўпинча тижорат кўчмас мулкини қуришга уринмоқдалар.
 
Бу яқин орада яшовчи кўп қаватли уйлар аҳолисининг норозилигига сабабчи бўлмоқда, нафақат қурилиш жараёнида, балки тижорат кўчмас мулки фойдаланишга топширилгандан кейин ҳам уларнинг яшаш шароити ёмонлашади. Бунинг устига, мазкур вазиятда тижорат қурилиши учун ер участкаларини ажратиш жараёни шаффоф эмаслиги ва шаҳарсозлик нормалари бузилиши эҳтимоли кўплаб саволларни юзага келтиради.  
 
«Обод маҳалла» дастури доирасида қурилиш ишларини амалга ошириш билан боғлиқ соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ҳар хил тушунилиши ва талқин қилинишининг олдини олиш учун норматив-ҳуқуқий базани кўриб чиқамиз ва тартибга солинмаган масалаларга эътибор қаратамиз. 
 
Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни бериш ер ажратиш тариқасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг қарорлари асосида амалга оширилади (Ер кодексининг 23-моддаси).