Ўзбекистон | 15:27 / 25.09.2018
22955
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори: 2019 йил июлидан барча такси ва автобусларда видеорегистраторлар бўлиши керак

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди ва 2019 йил 1 июлдан бошлаб амалга киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар:

жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тўпловчи марказлаштирилган тизим ишга туширилишини;

марказлаштирилган тизимга келиб тушаётган видеоёзувлар бўйича тизимли мониторинг юритиш ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун ушбу тизимни Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Маъмурий амалиёт” комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилинишини таъминлайди.

Видеорегистраторлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича чора-тадбирлар 2017 йилда ниҳоясига етган ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан видеорегистраторларни ички бозорга етказиб бериш имконияти мавжуд экани қайд этилади.

Белгилаб қўйилишича:

а) 2019 йил 1 июлдан бошлаб:

жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади;

ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар жамоат транспорти ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун автотранспорт воситаларига видеорегистраторлар ўрнатиш бўйича мажбурий тартиб жорий этилади;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади;

б) ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Мавзуга оид